Самарқанд вилоятида бугунги кунда 1420 киши биринчи тип қандли диабет билан, 22 минг 433 киши иккинчи тип билан рўйхатга олинган.
Ўтган йилнинг ноябрь ойидан 2018 йил май ойига қадар вилоят аҳолиси орасида яширин диабетни эрта аниқлаш мақсадида ўтказилган текширувлар натижасида 983 кишида касаллик белгилари кузатилган ва “Д” назоратига олинган.
14 ноябрь – Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни муносабати билан ўтказилаётган Диабет ойлиги доирасида Самарқанд вилояти эндокринология диспансери томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида шу ва бошқа маълумотлар берилди.
Диспансер бош шифокори Г.Неъматованинг қайд этишича, ҳар йили халқаро миқёсда ўтказиладиган мазкур ойлик бу йил “Қандли диабет ҳар бир оилага тааллуқли” шиори остида ташкил этилмоқда. Ойлик давомида аҳоли ўртасида қандли диабет касаллиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилади, жойларда тиббий кўриклар ўтказилади. Истироҳат боғлари ва аҳоли гавжум масканларда сайёр лабораториялар фаолияти йўлга қўйилиб, ортиқча вазн ва қондаги қанд миқдори аниқланади. Ҳар ҳафта шанба куни вилоят эндокринология диспансери ва жойлардаги тиббиёт муассасаларида диабетга чалинган болалар ва уларнинг ота-оналари, катталар учун психолог маслаҳати берилади.
Бугунги кунда вилоятдаги барча поликлиникаларда эндокринолог хонаси ташкил этилган. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Ургут, Пастдарғом, Каттақўрғон туманларида 20 ўринли эндокринология бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Вилоят эндокринология диспансерининг замонавий қўшимча биноси фойдаланишга топширилиш арафасида.
Матбуот анжумани давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Тадбир сўнггида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун тиббий кўрик ташкил этилди.