Тошкентда 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси томонидан «Терроризмга қарши кураш – чегара билмас ҳамкорлик» мавзусида олтинчи халқаро конференция ўтказилди.
Унда ШҲТга аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатлар делегациялари, халқаро ташкилотлар – БМТнинг махсус тузилмалари, ШҲТ Котибияти, МДҲ тармоқ бўйича ҳамкорлик органи (Чегара қўшинлари қўмондонлиги кенгашининг Мувофиқлаштирувчи хизмати), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Интерпол, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва бошқа қатор ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этди.
Конференцияда иштирокчилар глобал ва минтақавий миқёсда халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашнинг ҳозирги ҳолати, динамика ва тенденциялари хусусида фикр алмашди. Дунё ҳамжамияти ривожланишда кескин бурилиш босқичини бошдан кечираётгани ва бу жараёнда қатор минтақаларда террористик хавф-хатар ва низолар кучайиб бораётгани қайд этилди. Қатнашчилар ҳар қандай кўринишдаги терроризмни қоралаши ва халқаро терроризмга қарши кураш ва аксилтеррор ҳамкорлик БМТ Низоми тамойиллари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига қатъий амал қилиб, вазиятни сиёсийлаштирмасдан, иккиланган стандартлардан фойдаланмаган ҳолда амалга оширилиши, бу жараёнда БМТ ва унинг Хавфсизлик кенгаши марказий мувофиқлаштирувчи бўлиши кераклигини таъкидлади.
Қатор минтақалар, биринчи навбатда Яқин Шарқ ва Афғонистонда вазиятнинг кескинлашиши билан боғлиқ янги хавф-хатарлар юзага келаётгани қайд этилди. Терроризм ва экстремизмга қарши курашни рўкач қилган ҳолда, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашишга йўл қўймаслик, шунингдек, террористик ва экстремистик гуруҳлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ёқланмаслиги таъкидлаб ўтилди.
«Ислом давлати» деб номланувчи халқаро террорчилик ташкилоти томонидан Европа, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда терроризм ўчоқларини яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганига эътибор қаратилди.
Сурия Араб Республикасидаги терроризм ўчоқларини йўқ қилиш асносида ўз юртига қайтарилаётган жангари-террорчиларга қарши кураш муаммоси долзарб аҳамият касб этиб, бу ўз вақтида маълумот алмашиш ва юқорида қайд этилган тоифага мансуб кишиларга нисбатан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларида халқаро ҳамкорликни фаоллаштиришни талаб этади, деган якдил фикрга келинди.
Афғонистоннинг чегараолди вилоятларида аксарияти ШҲТга аъзо давлатлар фуқаролари, жумладан, Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган жангарилардан иборат «Ислом давлати» халқаро террорчилик ташкилоти аъзолари тўпланаётгани ташвиш уйғотмоқда. Иштирокчилар Афғонистоннинг терроризмга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларига кўмаклашишга тайёрлик билдириб, афғон халқининг ўзи томонидан мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши бутун минтақада хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Интернет тармоғидан террористик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишга қарши кураш бўйича тажриба алмашилди. Интернет орқали террористик ва экстремистик мафкура тарғиботининг олдини олиш, бу иллатларга даъват қилиш, шунингдек, одам ёллашга қарши халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш зарурати қайд этилди.
Конференцияда терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан БМТ Бош Ассамблеяси, БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари ва Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг халқаро стандартлари ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўз вақтида ахборот алмашиш, террористларни излаб топиш, чегараолди ҳудудларда назоратни кучайтириш, антитеррор бўлинмалари учун кадрлар тайёрлаш, аксилтеррор ўқув машғулотлари ўтказиш, бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш таклиф этилди.
Яққол трансмиллий тус олган терроризм фаоллашиб бораётган шароитда мазкур конференциянинг ўтказилиши дунё ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда терроризм ва экстремизмга қарши кураш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Алоҳида сессия доирасида Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг аксилтеррор фаолиятни амалга ошириш жараёнида халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя қилишни таъминлаш масалаларига бағишланган тақдимоти бўлиб ўтди.
Конференция иштирокчилари анжуман юксак даражада ташкил қилинганини эътироф этиб, ШҲТ МАТ Ижроия қўмитасига яратилган қулай иш шароити учун миннатдорлик билдирди.
ЎзА