“Рақамли демократия”нинг жамият ҳаётидаги ўрни қандай?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Ўзбекистонда “рақамли демократия”нинг шаклланиши ва ривожланиши” мавзусида семинар ўтказилди.
Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари ҳамкорликда ташкил этган тадбирда мутахассислар томонидан ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, давлат қарорларини қабул қилишда фуқароларнинг сиёсий иштирокини фаоллаштириш учун зарур ахборот муҳитини шакллантириш, мамлакатимизда демократияни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Юртимизда халқаро ҳамжамият томонидан эътироф қилинган демократик стандартларга жавоб берадиган фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишнинг ўзига хос тизими яратилгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Қисқа вақт ичида давлат электрон хизматларининг жорий этилиши, виртуал маконда жамиятни ўйлантирадиган муҳим масалаларнинг фуқаролар муҳокама қилиши учун электрон майдонларнинг пайдо бўлиши ва давлат органларининг расмий веб-сайтларида уларнинг фаолияти бўйича батафсил маълумотлар тизимли эълон қилиниши кундалик ҳаётимиздаги одатий тажрибага айланди. Шу муносабат билан бу каби ривожланиш истиқболларини баҳолаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида ахборот инфратузилмасини самарали ривожлантириш йўналишларини белгилаш долзарб масалалардан ҳисобланади.
– Ушбу соҳада давлатимизнинг амалга ошираётган ишлари фуқароларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирокини таъминламоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Тўхтабоев. – Шунингдек, бу жараён ахборот олиш эркинлигини таъминлаш учун рағбатлантирувчи муҳитни яратишга хизмат қилади. Жойларда учраётган турли масалалар юзасидан аҳоли жўнатаётган электрон мурожаатларга ўз вақтида жавоб бериш, муаммоларни бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар давлат ташкилотлари ва фуқароларни бир-бирига янада яқинлаштиради.
Семинарда соҳа ходимлари томонидан Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти институтлари фойдаланадиган энг янги электрон сервис ва хизматлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар электрон портали, депутатлар виртуал қабулхоналарининг фаолият юритиши, замонавий АКТ воситаларининг сайлов жараёнларига жорий қилиниши ва шу каби кўплаб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА