Бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари Қозоғистон ва Қирғизистонда ўтган турнирларда муваффақиятли иштирок этди.
Қозоғистоннинг Жезказган шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда Аброр Турғинбоев ўз вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритган бўлса, Бегзоджон Серимбетов терма жамоамизга бронза медалини келтирди.
Аягоз шаҳрида еттинчи маротаба ташкил этилган “Тулеутай Сулаймон“ турнирининг финал учрашувида ҳамюртимиз Шоҳрух Рўзибоев 46 килограмм вазнда қозоғистонлик Эрасул Сембековни 3:0 ҳисобида енгди ва олтин медаль билан тақдирланди. Ғани Муродқосимов ўз вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди.
Ёш чарм қўлқоп усталаримиз Чимкент шаҳрида ўтган бокс мусобақасида биттадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
Мусобақада вазни 57 килограмм бўлган ҳамюртимиз Шомшербек Мирзабеков финал учрашувида қирғизистонлик Сирожиддин Абдуллаевга имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медаль билан тақдирланди. Яна бир вакилимиз Шоҳжаҳон Абдуллаев эса турнирнинг бронза медалига сазовор бўлди.
Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида ўтказилган халқаро турнирнинг вазни 81 килограмм бўлган боксчилар ўртасидаги финал жанги икки ҳамюртимиз – Иброҳим Ортиқов ва Азимжон Абдуллаев ўртасида ўтди. Унда Иброҳимжоннинг қўли баланд келди.
Вазни 52 килограмм бўлган Бекзод Турдиалиев финалда мезбонлар вакили Достон Уматбековни мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, мазкур мусобақада ўз вазн тоифаларида финалга қадар муваффақиятли иштирок этган Илҳом Исмоилов, Алишер Бурҳонов, Тимурбек Деҳқонов ўз вазн тоифаларида кумуш медални қўлга киритган бўлса, яна бир вакилимиз П.Ҳабибуллаев бронза медаль билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА