Насир Бушерит: “Ўзбекистонда сезиларли ижобий воқеалар юз берди”

1 ноябрь – Жазоир Халқ Демократик Республикаси миллий байрами. Шу муносабат билан мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насер Бушерит Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги – ЎзА мухбирига интервью берди.
  – Ҳурматли элчи жаноблари, биламизки, Жазоир 1962 йил 18 мартда мустақилликка эришган. 1 ноябрнинг миллий байрам сифатида нишонланиши тарихи ҳақида маълумот берсангиз.
– 1954 йил 1 ноябрга тўғри келадиган инқилобнинг бошланиш санаси, Жазоир миллий байрами мамлакат аҳли учун жуда ҳам қадрли сана ҳисобланади. Тантанали равишда нишонланадиган бу кунда 1830 йилдан то мустақилликка эришилган 1962 йилгача, 132 йил мобайнида давом этган мамлакатни истилодан озод этиш чоғида жанг майдонларида шаҳид кетган ўғлонларга ҳурмат бажо келтирилади. Шундай қилиб, 1954 йил 1 ноябрдаги инқилоб мамлакатнинг турли минтақаларидаги халқ қаршилик ҳаракатининг таянч нуқтасига айландики, бу халқимизнинг жамоавий онгини шакллантиришга ёрдам берди. Бир миллиондан зиёд фуқароларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган етти ярим йиллик қонли тўқнашувлардан кейин Жазоир ўз мустақиллиги ва ғурурини тиклашга муваффақ бўлди.
– Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг 30 июнида ўрнатилган. Жазоир Африка мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган. Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалар бўйича алоқалар кенг йўлга қўйилган.
– Жазоир ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга келадиган бўлсак, давлатларимиз ўртасидаги алоқалар ҳар доим ўзаро ҳурмат ва қардошлик, дўстлик, ҳамкорлик торлари билан боғланган. Биз мусулмон цивилизацияси оламининг вакиллари бўлганимиз ҳам икки халқ ўртасидаги қардошлик муносабатларининг мустаҳкамланишига имкон берди.
Шу нуқтаи назардан, таъкидлаб ўтганингиздек, Жазоир Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва зудлик билан Тошкентда ўз элчихонасини очган мамлакат, бу эса Жазоирнинг сизнинг мамлакатингиз билан сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга доимо тайёрлигидан далолат беради.
Бундан ташқари, бизнинг мамлакатларимиз шакллантираётган ташқи сиёсат тамойилларига садоқат биз қураётган узоқ муддатли, мустаҳкам ва самарали муносабатларнинг умумий тамал тоши саналади. Мамлакатларимизнинг ўзлари мансуб бўлган минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида ҳаракатларни мувофиқлаштириши, маслаҳатлашувлари ва ўзаро кўмаги сезиларли даражада эканлигини ҳам таъкидлаш фойдадан холи бўлмасди.
Яқинда икки томонлама муносабатларда янги истиқболлар очадиган янгилик юз берди. Бу ўринда икки мамлакат президентлари – жаноб Абдулазиз Бутефлика ҳамда жаноб Шавкат Мирзиёев ўртасида мактуб алмашинуви хусусида сўз бормоқда. Давлатларимиз раҳбарлари икки томонлама муносабатларни янги миқёсга олиб чиқишга содиқ эканликларини яна бир бор изҳор қилдилар. 2019 йил мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларга янги куч бахш этадиган муҳим ташрифларнинг амалга ошиши кутилмоқда.
Бу истиқболли режалар икки давлат етакчиларининг мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни уларнинг реал салоҳиятига ва қонуний интилишларига мос равишда тараққий эттириш йўлидаги интилишларини имкони борича тезроқ рўёбга чиқариш учун саъй-ҳаракатларимизни жадаллаштиришга туртки беради. Шу нуқтаи назардан, ўзбек шерикларимизнинг биргаликда ишлашга тайёрлиги ва муносабатларимизни мустаҳкамлаш йўлидаги қатъиятидан фойдаланиб қолишга умид қилаяпман. Мен шуни ҳам қўшимча қилмоқчиманки, биз ҳар қандай таклифга, айниқса, иқтисодиёт соҳасидаги таклифларга очиқмиз.
– Сизнинг Ўзбекистонда фаолият юрита бошлаганигизга уч йилдан ошди. Шу давр мобайнида Ўзбекистонда юз берган жараёнларга қандай қарайси?. Икки мамлакат ўртасида ишга солиниши керак бўлган салоҳиятлар ҳақида нималар дея оласиз?
– Мен шуни ишонч билан айтмоқчиманки, 2015 йил сизнинг ажойиб юртингизга келганимдан бери сезиларли ижобий ўзгаришлар, айниқса, иқтисодиёт соҳасида рўй берди. Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан кейин бошланган жадал ислоҳотлар, шу жумладан, валюта бозорининг либераллаштирилиши иқтисодий очиқликва сармоялар жалб этилиши омилини сўзсиз тезлаштиради. Ўз навбатида, биз ҳам мазкур воқеаларни диққат билан кузатиб бораяпмиз. Ўзбекистон билан ушбу соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари бир қатор сабабларга кўра, самарали ҳисобланади, мен улардан айримларини санаб ўтмоқчиман:
a) — икки мамлакат иқтисодиётларининг ўзаро тўлдирувчилик хусусияти. Шу жиҳатдан, машҳур тажрибаси ва юқори инсоний ресурсларга эга Жазоир Ўзбекистон билан ноу-хауси ва тажрибаси билан ўртоқлашиши мумкин. Мисол тариқасида айтишим керакки, “Сонатрак” миллий нефтегаз компанияси ушбу секторда мунтазам равишда йирик дунё компанияларининг ўнталигига киради, компаниянинг савдо айланмаси 2017 йилда 35 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетди. Халқаро бозорларга чиқишга йўналтирилган янги сиёсати эвазига корхона бир неча мамлакатларда фаолият кўрсатмоқда, энди “Ўзбекнефтегаз” билан шерикчилик муносабатларини йўлга қўйиши фойдан холи бўлмайди. Аграр сектор, электроника ва маиший техника ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам шуни айтса бўлади, зеро, биз бу борада ўзаро манфаатли шерикчилик муносабатларини ўрнатишга интилаётган халқаро даражада фаол тадбиркорлик тоифасига эгамиз.
Ўз навбатида, Жазоир Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасидаги бебаҳо тажрибасидан фойдаланиши мумкин. Сайёҳлик ва ҳунармандчилик каби фаолият соҳалари ҳам бизнинг мамлакатларимиз учун қизиқиш уйғотиши эҳтимолдан узоқ эмас.
б) — Мамлакатим давлат органлари миллий иқтисодиётни диверсификациялаш бўйича ўтказаётган янгича сиёсат ишбилармонларни янги халқаро сармоявий имкониятларни қидириб топишга даъват этади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон бизнинг тадбиркорларни айниқса, мен юқорида айтган соҳаларда эътиборини осонгина жалб эта олади.
c) — Мамлакатларимизнинг ўз минтақаларидаги жуғрофий ҳолати. Бу борада Жазоир жанубий Европага яқин, шунингдек, унинг Мағриб минтақасидаги марказий ҳолати ҳамда Саҳрои Кабирдан жанубдаги ўрни билан қўшиб ҳисоблаганда Африка бозорига дарвоза ҳисобланади. Шунингдек, бу ўринда унинг ички бозори, йўллари, порт ва аэропорт инфратузилмаларига жалб этилган улкан сармоялар ҳақида сўз бормоқдаки, бу уни юз миллионлаб салоҳиятли истеъмолчиларга эга минтақадаги муҳим логистик базага айлантиради. Бу гап Ўзбекистонга ҳам тааллуқли. Айниқса, Хитойнинг янги Ипак йўли лойиҳасининг амалга оширилаётгани ортидан жадаллик билан ўзгариб бораётган Марказий Осиё минтақасининг марказида жойлашган Ўзбекистон жазоирлик ишбилармон доиралар учун жозибадор бўлиши мумкин.
Бу афзалликларнинг барчаси мамлакатларимиз компанияларининг халқаро даражада ривожлана олишлари ва максимал даражада жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувлари учун қимматли имконият вазифасини ўташи тайин.
Бундан ташқари, компанияларимизнинг ҳар икки мамлакатда ташкиллаштириладиган ярмарка ва кўргазмалардаги иштироки бизнес доиралар ўртасидаги алоқаларни енгиллаштириши мумкин. Бизнинг фикримизча, Ўзбекистоннинг келаси йил июнь ойида Жазоир Халқаро 52-ярмаркаси (FIA)даги иштироки ўзбек маҳсулотларининг нафақат Жазоир бозорида, балки ярмаркада иштирок этадиган Африка, Европа ва Осиёнинг ўнлаб мамлакатлари вакилларига таништириш учун қойилмақом имконият бўлади.
Айнан мана шу сабаблар учун мен икки томонлама муносабатлар, айниқса, иқтисодиёт соҳасидаги алоқалар келажагига ишонаман.
Бу шубҳасиз, алмашув энг жадал ва мунтазам ҳисобланадиган соҳалардан бири.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Жазоирда ташкиллаштирилаётган кўплаб тадбирларда қатнашмоқда. Ўз навбатида, Жазоир ҳам Ўзбекистонда ўтказилаётган маданий тадбирларда, шу жумладан, Самарқанддаги “Шарқ тароналари” фестивалида иштирок этмоқда. 2003, 2015 ва 2017 йилларда жазоирлик халқ мусиқаси гуруҳларининг ташрифи бунга яққол мисол бўла олади. Яқиндагина, аниқроғи, 2018 йилнинг августида андалусия (анъанавий мусиқа жанри) мусиқа гуруҳи Шаҳрисабздаги мақом фестивалда қатнашди.
Бизнинг маданий алоқаларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги борди-келдига янгича руҳ бағишлаш мақсадида Элчихона Хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар ва миллатлараро муносабатлар Қўмитаси билан биргаликда Жазоир-ўзбек дўстлик жамиятини тузиш ташаббусини илгари сурди.
Мазкур ташаббус ташқи ишлар вазирлиги томонидан илиқ кутиб олинди.
– Катта раҳмат. Байрамингиз муборак бўлсин.
Шарофиддин Тўлаганов суҳбатлашди​

 

ЎзА