Турнирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия жамоалари ўзаро куч синашишади.
Яна бир кундан сўнг пойтахтимиз Тошкентда 14 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида “Ҳамдўстлик Кубоги-2018” халқаро турнири старт олади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Тошкентнинг “Спартак” клуби ҳамкорлигида ташкил этилаётган мусобақада юртимиз жамоалари билан бирга қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Россия давлатларининг вакиллари иштирок этишади.
Уч гуруҳга бўлинган ҳолда ўтадиган турнирда ватанимиз шарафини “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Локомотив” клублари тарбияланувчилари, “Спартак” футбол мактабининг иккита жамоаси ҳимоя қилишса, қолганларини “Онтустик академияси” (Қозоғистон), 8-БЖМОРСМ (Қозоғистон), “Академия ЮГ” (Қирғизистон), “Илбирс” (Қирғизистон), “Гулистон” (Тожикистон), “Хўжанд” (Тожикистон) ҳамда ДЮСШКБГО (Россия) жамоалари ташкил этмоқда.
“Миллий” стадионнинг машғулотлар майдонида ўтадиган Халқаро турнир 2 ноябрь куни старт олади ва 7 ноябрга қадар давом этади.
Ойбек Юнусовб ЎзА