Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди

“Соғлом турмуш тарзини юксалтиришда фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш, унинг натижаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни қўллаб-қувватлаш” мавзусида давлат гранти қўшимча танловини
ЭЪЛОН ҚИЛАДИ
Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги ижтимоий мақсадларни амалга оширишни назарда тутган лойиҳалари қабул қилинади:
1. Аҳолининг кенг қатламларини (нуронийлар, ёшлар, аёллар ва бошқалар) жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш.
2. Маҳаллаларда жисмоний тарбия ва спортнинг ривожланишига шарт-шароит яратиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга кўмаклашиш.
3. Ёшларнинг уюшмаган қатламларини турли спорт тўгаракларига, спорт мусобақаларига жалб қилиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш.
4. Тоғли, узоқ ва чегара ҳудудларида аҳолининг жисмоний тарбия билан шуғулланишига кенг шарт-шароит яратиш.
5. Соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳалла ҳамда оиланинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш.
6. Давлат органлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда турли спорт тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш, эҳтиёжманд оилалар вакилларининг мунтазам жисмоний тарбия билан шуғулланишини таъминлаш.
7. Соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган кўргазмали материалларни ишлаб чиқишда ижтимоий шерикликни кучайтириш.
8. Маҳаллаларда турли йўналишларда спорт ва халқ ўйинлари мусобақаларини ташкил этиш.
9. Имконияти чекланган ёшларнинг спорт билан шуғулланишида турли спорт соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини қўллаб-қувватлаш.
10. Соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда оммавий ахборот воситаларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш.
11. Маҳаллаларда халқаро мусобақалар ғолиблари, республика чемпионлари ва спорт усталари иштирокида турли маънавий тадбирлар ташкил қилиш.
Давлат гранти танловида иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати.
2. www.fundngo.uz веб-сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза.
3. Давлат рўйхатидан ўтказилган Устав (Низоми) ҳамда гувоҳноманинг муҳр билан тасдиқланган нусхаси.
4. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси тақдим этилади.
5. Манфаатдор давлат ва йирик жамоат ташкилотлари билан тузилган ижтимоий шериклик қўшма режалари илова қилиниши мумкин.
Битта лойиҳа учун давлат гранти миқдори 30 миллион сўмгача.
Ҳужжатлар 2018 йил 26 октябрдан 28 ноябргача қабул қилинади.
Ҳужжатлар “Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди” номига:
100163, Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 43-уй манзилига “Ўзбекистон почтаси” орқали муҳрланган конвертда (А4 форматда) юборилиши шарт.
Ҳужжатлар намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fundngo.uz расмий веб-сайтида танишиш мумкин.
Маълумот учун телефонлар: (0-371) 239-26-76, 239-26-86.​​

 

ЎзА