Мамлакатимизда ўтказилаётган Қирғизистон Республикаси маданияти кунлари иштирокчилари Самарқандга ташриф буюрди.
Меҳмонлар дастлаб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Қўшни давлат маданият ходимлари Амир Темур мақбараси, Регистон майдонида бўлди, уларнинг тарихи билан қизиқди. Бу ерда фаолият юритаётган ҳунармандлар ишини, улар яратаётган маҳсулотларни кузатди.
– Ўзбек ва қирғиз халқларининг турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарини бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди, – дейди делегация раҳбари Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Бақтибек Секимов. – Мана Самарқандда одамлар билан таржимонсиз бемалол сўзлашаяпмиз. Уста-ҳунармандлар маҳсулотини кузатиб, маданиятларимиз муштарак эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Афсуски, халқларимиз бир муддат бир-биридан узилиб қолди. Интернет тармоғи орқали Ер юзининг сайқали бўлмиш Самарқандга дунёнинг турли ҳудудларидан минглаб меҳмонлар ташриф буюраётганини ўқиб, гоҳида хўрсиниб қўярдим. Ён қўшни бўлиб туриб, шундай мўъжизакор шаҳарни бориб кўролмасак, деган ўй қийнарди. Яратганга шукур, икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли яна маданий алоқалар тикланди. Ўтган йили бизнинг мамлакатда Ўзбекистон Республикаси маданияти кунлари бўлиб ўтган эди. Бу йил Қирғиз маданияти Ўзбекистонда намойиш этилмоқда. Бундай тадбирлар охирги марта бундан 20 йил олдин ташкил этилган экан. Самарқандда ўтказилаётган тадбирлар тарихда биринчи марта ташкил этилмоқда. Бундан аввал Тошкент ва Андижон шаҳарларида уюштирилган эди. Келгусида бундай маданий тадбирларини тез-тез, турли вилоятларда ўтказишни мақсад қилганмиз. Чунки, маданий алоқалар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир доирасида “Шарқ юлдузи” кинотеатрида қирғиз киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Қурбонжон Додхоҳ” бадиий фильми намойиш этилди. Маданий дастур Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида Тўхтағул Сотилғонов номидаги Қирғизистон Давлат филармониясининг миллий фольклор дастури ва қирғизистонлик санъаткорларнинг концерти билан якунланди.