Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 октябрдаги “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўқиб…
Бугун мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Ҳар кунимиз яхши бир янгиликдан, хушхабардан, орзулар рўёбидан, буюк келажакка умиддан бошланмоқда. Халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, турли соҳаларда эришилаётган улкан ютуқлар, Ватанимиз обрўсининг халқаро майдонда кундан-кун юксалиб бораётгани қалбларимизни фахр-ифтихорга тўлдирмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган тарихий ҳужжатни қабул қилгани миллий қадриятимиз – курашни чин дилдан яхши кўрадиган, уни ардоқлайдиган халқимиз учун яна бир улкан янгилик бўлгани шубҳасиз.
Зеро, кураш ҳалоллик, олижаноблик, мардлик, юртпарварлик сингари бебаҳо фазилатларни ўзида мужассам қилган бобомерос қадриятдир.
Олтин зангламас
Курашнинг ўзи не бир замонлар билан курашиб, чархланиб, тобланиб, олис ва машаққатли йўлни босиб, шу кунларга етиб келгани тарихдан маълум. Уч ярим минг йиллик тарихи давомида у халқимиз турмуш тарзига сингиб, жисмонан ва маънан камолотга етакловчи қадрият, инсон ва табиат уйғунлиги, умид ва ишонч, ор-номус, ғурур, бағрикенглик, матонат ва садоқат тимсоли сифатида эъзозланди.
Буни юртимиз ҳудудидан топилган ноёб археологик топилмалар, тарихий қўлёзмалар ҳам исботлайди. Кураш ҳақидаги илк маълумотлар Сурхон ва Зарафшон воҳалари, Фарғона водийси, Навоий вилоятидаги Сармишсой дараси ҳамда қатор қадимги аҳоли манзилгоҳларида аниқланган тасвирий санъат намуналари акс этган осори-атиқаларда, қоятошларда ва ғорларда учрайди.
Минг йиллик «Алпомиш» достонида эса шундай лавҳа бор:
«Уч шарт ўтди, кураш тараддудини кўриб ётибди. Ўн минг уйли Қўнғирот одами, қанча қалмоқнинг одами йиғилиб, Чилбир чўлига, Ойна кўлига томошамон тўлиб, раста-раста, даста-даста қур тортиб ўтирди. Томошамонлар: «Курашни кўрамиз. Тойчихоннинг алпи билан Қўнғиротдан келган ўзбекларнинг алпи кураш тушади, кураш жуда қизиқ бўлади…», – деб бари жам бўлади…»
Соҳибқирон Амир Темур даврида кураш аскарларнинг ҳарбий ва жисмоний тайёргарлигини оширишнинг асосий усулларидан бири бўлган. Буюк аждодларимиз Абу Али Ибн Синонинг «Тиб қонунлари», Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғатит турк», Алишер Навоийнинг «Хамса», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарларида ҳам кураш ҳақида қимматли маълумотлар айтилган.
Муқаддас заминимизда туғилиб ўсган, номлари афсонаю достонларга айланиб кетган ўнлаб баҳодирлар кураш орқали юртимизнинг донғини бутун оламга таратган.
Халқимизда “Олтин зангламас” деган пурмаъно нақл бор. Кураш – мақсадига ҳалол йўл билан етишиш халқимизнинг тийнатига сингиб кетган юксак фазилат сифатида ажодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо меросдир.
Орзулар рўёби
Шундай замонлар ҳам бўлдики, халқимизнинг илдизига болта урмоқчи бўлишди, кураш фақатгина тўй-томошаларда ўтказилди. Ана шундай долғали даврларда ҳам халқимиз ўзлигига, бобомерос тутумларига хиёнат қилмади. Давра қуриб, давра олиб, кураш тушаверди.
Ана шу давраларда ёзувчи Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасида айтилмишдай, одамларнинг, полвонларнинг қалб қўрида яшириниб ётган эзгу орзулар бўлди:
“– Мўмин муаллим, мана, сиз ўқимишли одамсиз, уйингизда китобингиз кўп, деб эшитаман. Сиз айтинг, нега энди…ўзимизнинг олишни фақат тўйда ё «Ҳосил байрами»да кўрамиз? Ё, олишимиз спорт эмасми?
– Спорт ҳам гапми, санъат! Кўряпсизми, Тиловбердининг ўйнаб олишувини…
– Бали! Узоқларга қараб яшаймизу, оёғимиз остидаги гавҳарни кўрмаймиз.
… – Масалан, дунёдаги кўпгина халқлар ўзларининг ҳеч бўлмаганда, битта спортини жаҳон миқёсига кўтарган. Биздан эса жаҳонга кўтарилган биттаям спорт тури йўқ…”
Асардаги бу содда орзулар, тиниқ мақсадлар, аччиқ ҳақиқат бир пайтлар полвонман деган ҳар бир кишининг кўнглидан ўтган.
– Истиқлол қуёши полвонлик йўлини тутиб, унга содиқ қолган халқимизнинг пешонасини ярқиратди, – дейди Кураш халқаро ассоциацияси асосчи раиси, замонавий кураш қоидалари муаллифи Комил Юсупов. – Авваллари курашга нисбатан панжа ортидан қаралар, фақат тўйлар ва сайллар доирасидагина кураш бўлиб ўтар эди. Халқаро мусобақалар у ёқда турсин, ҳатто республика биринчиликлари ҳам ўтказилмас эди. Курашни алоҳида спорт тури сифатида олиб чиқиш, дунёга тарғиб этиш ва келажакда Олимпия ўйинлари дастурига киритиш борасидаги ташаббусимизга ишонмаганлар, эртак сифатида қараганлар ҳам бўлгани рост. Мустақиллик шарофати билан миллий қадриятларимиздан бири – кураш янги спорт тури сифатида дунёга танилди. 1991 йил 17 сентябр куни кураш қоидаларининг энг биринчи варианти матбуотда эълон қилинган эди. Ана шу қоидалар асосида бугун саёрамизда ўзбекона сўзлар янграмоқда. Ўзбек кураши кенг ривож топмоқда.
Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Шаҳрисабзда Амир Темур, Термиз шаҳрида Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб халқаро турнирлар ташкил этилди. 1992-1998йилларда Жанубий Корея, Канада, Япония, Ҳиндистон, Америка, Россия каби мамлакатларда бўлиб ўтган йирик спорт анжуманларида ўзбек кураши кенг намойиш қилинди. Натижада 1998 йил 6 сентябрь куни Осиё, Европа ва Американинг 28 давлати вакиллари иштирокида ўтказилган таъсис конгрессида Кураш халқаро ассоциациясига (IKA) асос солинди. Давлатимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида кураш халқаро спорт тури сифатида кенг эътироф этилди, “кураш”, “ҳалол”, “таъзим”, “тўхта” ва “ёнбош” каби атамалар эса халқаро спорт луғати таркибидан мустаҳкам ўрин эгаллади.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1999 йил 1 май куни пойтахтимизда кураш бўйича биринчи жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросимида «Мен ишонаман: дунёга машҳур паҳлавонларнинг бебаҳо хизматлари туфайли халқимиз маънавий турмуш тарзининг ажралмас қисмига айланган кураш бугундан эътиборан янги ҳаётини бошлайди, янада юксалади, жаҳон узра кенг тарқалиб, турли миллатларга мансуб миллионлаб кишиларнинг севимли машғулотига айланади», деган сўзлари ўз исботини топмоқда.
Кураш халқаро ассоциацияси бугунги кунда сайёрамизнинг бешта қитъасидаги 129 та миллий федерацияни бирлаштирган. Кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юксак савияда ташкил этилаётир. Бу мусобақаларда дунёнинг барча қитъасидан номдор полвонлар камтарлик ва мардонаворлик билан таъзим қилиб, гиламга чиқмоқда, давра айланиб, кураш тушмоқда.
Бугунги кунга қадар дунёнинг кўплаб мамлакатларида кураш бўйича 500 дан ортиқ халқаро турнир ўтказилди. Юртдошларимиз орасидан 300 дан кўпроқ спортчи кураш бўйича жаҳон, Осиё чемпионатлари ва халқаро турнирларнинг ғолиб ва совриндорлари бўлди.
2017 йил май ойида Термиз шаҳрида ўтган кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган ХIII халқаро турнирда Жанубий Кореядан келган полвон Хан Су Ким шундай деган эди: “Кураш фалсафаси, моҳияти ва унинг жозибаси бутун дунёни лол қолдирмоқда. Халқингизнинг миллий спорт тури Жанубий Корея ёшлари орасида ҳам кенг оммалашган. Мени ҳам курашнинг мардлик, ҳалоллик, камтарлик каби эзгу фазилатлар билан йўғрилгани ўзига мафтун этган.”
Бугун курашни халқаро спорт мусобақалари ва турнирлари дастурларига, келгусида эса Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича фаол тадбирлар амалга оширилмоқда.
2010 йилда Кураш халқаро ассоциацияси Олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун буюртма беришда муҳим талаб ҳисобланган Жаҳон допингга қарши агентлигининг эътирофига сазовор бўлди.
2007-2008 йилларда Макао ва Вьетнамда ўтган II ва III Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида, 2009 йили Таиландда Жанговар яккакурашлар бўйича I Осиё ўйинларида, 2014 ва 2016 йилларда Таиланд ва Вьетнамда ўтган Осиё соҳил ўйинларида, 2013 йили Жанубий Кореяда ва 2017 йили Туркманистонда ўтказилган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинларида кураш бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.
2017 йил 20 сентябрда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида кураш миллий спорт тури тарихда илк бор XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди.
– Осиё олимпия кенгаши томонидан ҳар тўрт йилда ташкил этиладиган ва қитъа олимпиадаси сифатида эътироф этилган ёзги Осиё ўйинлари нуфузи ва аҳамияти жиҳатидан Олимпия ўйинларидан кейинги муҳим мусобақадир. Унда қитъамизнинг барча мамлакатларидан минглаб спортчилар иштирок этади. Шу боис мазкур ўйинлар дастуридан жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга, барча қитъаларда ривожланиб бораётган спорт турлари жой олади, – деди Кураш халқаро ассоциацияси матбуот котиби Жамшид Намозов. – Курашнинг XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилиши бу йўналишда залворли қадам қўйилганидан, унинг халқаро спорт ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётганидан далолатдир.
Курашнинг янги ҳаёти
Президентимизнинг “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий қарорида сўнгги йилларда эришилган натижалар билан бирга мазкур спорт турининг янада ривожланишига тўсқинлик қилаётган камчиликлар ва уларни бартараф этиш, курашни аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида янада ривожлантириш ҳамда оммалаштириш, ўсиб келаётган авлодда миллий ифтихор ва ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жаҳон спорт майдонида юқори натижаларга эришишни таъминлаш бўйича қатор вазифалар белгилаб қўйилди.
Қарорда курашни оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар замон талабларига жавоб бермаётгани, қобилиятли курашчиларни аниқлаш ва саралаш ҳамда уларнинг машқ қилиши, шунингдек, мураббий ва ҳакамларни тайёрлашнинг самарали механизмларини жорий этиш имконини берадиган клуб ва секцияларнинг яхлит тизими шакллантирилмагани, халқаро мусобақалар ғолиблари ва совриндорларини рағбатлантиришнинг самарали тизими жорий этилмагани, зарур моддий-техник база ва спорт инфратузилмасининг етарли эмаслиги, спорт анжомларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилмаганлиги спортчилар машғулотларини талаб даражасида ташкил этишга ҳамда кураш бўйича халқаро мусобақаларни ўтказишга тўсқинлик қилаётгани таъкидланган.
– Дарҳақиқат, курашни жаҳон миқёсида ривожлантириш ва оммалаштириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилган ҳолда ушбу спорт турининг асл Ватани – мамлакатимизда ёшларни кураш билан шуғулланишга имконият яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида жиддий камчиликларга йўл қўйилди, – дейди мураббий Ризомат Солиев. – Ҳудудларда секциялар фаолияти курашнинг фидойи жонкуярларининг сайи-ҳаракатлари билангина юриб турди. Ҳатто, кураш юртимизда жорий қилинган уч босқичли узлуксиз спорт ўйинлари дастуридан ҳам чиқарилди. Натижада кўплаб полвонлар Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турларига ўтиб кетишга мажбур бўлди.
Қарорда белгиланган курашни янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида кураш миллий спорт тури марказлари, ҳар бир туман ва шаҳарда замонавий спорт клублари ва секцияларини ташкил этиш, кураш бўйича республика, халқаро мусобақа ва турнирларни доимий асосда ташкил этиш ва ўтказиш, ушбу спорт тури билан шуғулланувчи ёшларнинг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул квоталарини ошириш, жаҳон стандартларига жавоб берадиган “яктак” спорт кийимлари ва “кураш гилам”ларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, курашни “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари дастурига киритиш сингари кўплаб вазифалар келгусида курашнинг янада равнақ топишига, унинг ёшларимиз ҳаётида том маънода муҳим ўрин эгаллашига хизмат қилади.
– Курашнинг Осиё ўйинларига расман киритилганидан бир қувонган бўлсак, Президентимизнинг янги қарор қабул қилганини эшитиб, севинчимиз икки ҳисса ошди, қалбимиз ғурур-ифтихорга тўлди, ўзимизга, спортчилик фаолиятимизга, келажагимизга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди, – дейди Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов. – Ушбу тарихий қарор миллатимиз фахри бўлган курашнинг янги ҳаётини, янги тараққиёт даврини бошлаб берди. Энди ўз устимизда янада кўпроқ ишлаб, нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришиш, Ватанимиз обрўсини янада юкслатириш учун катта куч, мақсад ва ишонч билан интиламиз.
Байрам Айтмуродов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА