Нукусда Ўзбекистон – Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарлари, маҳаллий тадбиркорлар, Хитойнинг етакчи компания ва корхоналари вакиллари иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, мамлакатимизнинг Хитой Халқ Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Б.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ходими Ш.Абдуллаев, Хитойнинг «Lanko Miya» компанияси вакили Джоу Хайгао, «CNBM Group» компанияси лойиҳа директори Као Юбо сўзга чиқиб, мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирларга тўхталишди.
Таъкидланганидек, Хитой мамлакатимиз иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Буюк ипак йўлининг қайта тикланиши деб баҳоланаётган «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси мамлакатларимиз ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Биргина мисол сифатида Оролбўйидаги йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланган Қўнғирот сода заводи қурилишида Хитой компанияларининг муносиб иштирок этганлигини таъкидлаш лозим.
Бугунги кунда Оролбўйида Хитой инвесторлари иштирокида 39 та корхона фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг ташқи савдо айланмаси 124,3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Агарда ўтган йили ушбу давлат тадбиркорлари иштирокида 8 та корхона ташкил этилган бўлса, жорий йилнинг шу даврига уларнинг сони деярли икки баробарга ортди. Улар томонидан киритилган инвестицияларнинг ҳажми 9,1 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан беш борабарга кўпайди. Оролбўйи тадбиркорларининг Хитой Халқ Республикасига тўрт маротаба сафари ташкил этилиб, унинг доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва корхоналари билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, 12 та лойиҳа Хитой инвесторларини тўғридан-тўғри жалб этган ҳолда амалга оширилаётган бўлса, 20 та қўшма корхона рўйхатга олинди. Мамлакатимизда хорижий инвесторларга яратилган шарт-шароитларни ҳисобга олсак, бу кўрсаткичлар ниҳоятда кам. Мазкур форум эса ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги босқич бўлиб хизмат қилади. Жумладан, «Нукус-фарм» эркин иқтисодий зонасида, 7 та кичик саноат зонасида инвесторларга қатор имкониятлар ҳамда имтиёзлар яратилган. Оролбўйида қурилиш маҳсулотлари, целлюлоза ва қоғоз, доривор ўсимликлар, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, фармацевтика, балиқчилик ва чорвачилик, туризм салоҳиятини кенгайтириш, кичик меҳмонхоналар қуриш лойиҳаларини амалга оширишда катта имкониятлар мавжуд.
– Хорижий инвесторларнинг фаол ва эркин фаолият олиб боришида ушбу мамлакатдаги тинчлик-осойишталик, барқарорлик, энг асосийси, уларга яратилган шарт-шароит муҳим аҳамият касб этади,-дейди «Lanko Miya» компанияси вакили Джоу Хайгао.-Шу нуқтаи назардан, бугунги форумда иштирок этаётган ҳамюртларимга катта ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистонда, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида бундай имкониятлар юқори. Биз 2005 йилдан буён Оролбўйида фаолият олиб бораяпмиз. Маҳсулотларимиз асосан хорижга экспорт қилинмоқда. Чимбой туманидаги «Ланэкстракт», Кегайли туманидаги «Ланкомия» МЧЖ қўшма корхоналарида 500 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Келажакда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштираяпмиз. Шуни мамнуният билан қайд этмоқчиманки, бугунги кунда Хитой билан ҳамкорлик жаҳон бозорига йўл бўлса, Ўзбекистон хорижий инвесторларнинг орзуидаги мамлакатга айланмоқда.
Форумда меҳмонларга Қорақалпоғистон Республикасининг инвестицион салоҳияти, хорижий инвесторларга яратилган шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
– Жорий йилда Хитойнинг Хунан провинциясида бўлиб, «Хунан медикал триуф» компанияси билан келишувга эришдик,–дейди «Қўнғирот агро солод систем» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Замира Хўжаметова.-Ушбу келишувга мувофиқ бугунги кунгача 47 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Мазкур тадбир ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Форум якунида хорижий инвесторлар билан муваффақиятли фаолият олиб бораётган шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарларига, тадбиркорлик субъектлари вакилларига ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди. Шу ернинг ўзида Тахиатош ҳамда Тахтакўпир туманлари ҳокимликлари билан хитойлик ҳамкорлар ўртасида меморандумга имзо чекилди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги муҳбири.