Uzcard’нинг ўрнини “Ҳумо” эгаллайди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан миллий чакана тўлов тизимини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, аҳоли фикрига асосланган тўлов тизимининг брендини яратиш мақсадида, жорий йилнинг 24 сентябрь куни Марказий банк янги ташкил этилаётган тўлов тизимининг номини аниқлаш бўйича танлов эълон қилди. Бу ҳақда банкнинг матбуот хизмати хабар қилди.
Танловнинг биринчи босқичида 2,4 минг нафар фуқаро ўз таклифини билдирди. Улар орасидан энг кўп билдирилган учта ном – Ҳумо, Адрас ва Анор танлаб олинди.
Танловнинг иккинчи босқичида, юқорида келтирилган учта номдан бирига овоз беришда 4,0 мингга яқин респондент иштирок этди.
Овоз бериш натижаларига кўра, биринчи ўринни 45,3% овоз билан «Ҳумо» номи эгаллади.
Шу муносабат билан танланган ғолиб «Ҳумо» номини ҳисобга олган ҳолда миллий чакана тўлов тизимининг брендини ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилади.
Марказий банк миллий чакана тўлов тизимининг брендини танлашда қатнашган барча ватандошларимизга миннатдорчилик билдиради.

 

ЎзА