Жорий йилнинг 28 октябрь – 1 ноябрь кунлари мамлакатимизда “Ўзбекистон-Россия форуми. Ҳамкорлик, ташаббус ва инновация” фестивали бўлиб ўтади. 

photo5370676730873883099.jpgТадбиркорлик соҳалари, оммавий ахборот воситалари ҳамда туризм индустрияси ҳозирги кунда ёшларни қизиқтирган йўналишлардан ҳисобланади. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ушбу тармоқларни янада такомиллаштириш зарур. Буни даврнинг ўзи ҳам тақозо этмоқда. Ушбу соҳалар юртимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бўлиб, айниқса, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос туристик жозибага эга. Шундай экан, нега тарихий ва замонавий шаҳарларимизни дунёга кўз-кўз қилмаслигимиз керак? Қолаверса, икки мамлакат ёшларининг бу каби фестивалларда тез-тез учрашуви ва дўстлашуви давлатлар истиқболини белгилаши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бугунги ёшлар келажакда давлатнинг муҳим бўғинларидан ўрин эгаллайди. Демак, уларнинг билимини ошириш, дунё мамлакатлари ёшлари билан дўстлигини таъминлаш, ўз юртимиз тарихи ва қадриятларини чуқур ўрганиши учун бугун ҳаракат қилишимиз лозим. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилаётган ушбу фестивалнинг мақсади ҳам шу аслида.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 18-19 октябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. Давлат раҳбарлари учрашуви чоғида келишилган кўп томонлама ҳамкорликлар икки давлат ўртасидаги манфаатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Айнан шундай келишувларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилаётган “Ўзбекистон-Россия форуми. Ҳамкорлик, ташаббус ва инновация” фестивали жорий йилнинг 28 октябридан 1 ноябрига қадар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Россия ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур тадбирда икки мамлакат ёшлари туризм, оммавий ахборот воситалари ҳамда тадбиркорлик соҳалари доирасида ўзаро малака алмашади. Бундан ташқари, юртимиз туристик салоҳиятини намоён этадиган саёҳатлар, ҳунармандлар кўргазмалари, миллий куй ва рақсларга бой маданий дастурлар ҳам фестивалдан ўрин эгаллаган. Туризм, тадбиркорлик ва оммавий ахборот воситалари борасида сўз юритиладиган илмий-амалий анжуманлар эса икки мамлакат ёшларининг малакасини оширишга, ўзаро тажриба алмашишига самарали платформа бўла олади.

Ушбу фестивални муносиб ташкил этиш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Беш кун давом этадиган фестивалнинг дастлабки кунида Тошкент шаҳри бўйлаб экскурсия дастури, жумладан, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ҳазрати Имом мажмуасига зиёрат, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбарияти билан учрашув, фестивалнинг расмий очилиш маросими ва турли маданий тадбирлар ўтказилади.

Дилфуза Собирова,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
қошидаги Ёшлар медиа маркази
Матбуот ва интернет бўлими мудири

 

ЎзА