Пойтахтимизда “Саноатни автоматлаштириш учун интеллектуал тизимлар – WCIS–2018” ўнинчи халқаро анжуман ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Тошкент давлат техника университети, Озарбайжон давлат нефть ва саноат институти ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижий олимлар, мутахассислар, докторантлар ва талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Илмий-инновацион ишланма ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган анжуманда мамлакатимиз илм-фани нуфузини янада ошириш ва халқаро илмий-техник ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалаларига асосий эътибор қаратилди.
Бугунги кунда мамлакат саноатининг ривожида автоматлаштирилган интеллектуал тизимларни яратиш муҳим омил ҳисобланади. Бўлиб ўтаётган анжуманда саноатни интеллектуаллаштириш масалаларига нафақат олимлар ва докторантлар, балки бакалавр ва магистрантлар, интеллектуал бошқариш тизимлари ва ахборот технологияларини лойиҳалаш билан шуғулланувчи муҳандис-техник ходимлар, лойиҳа-конструкторлик ва тижорат ташкилотлари ишчиларини ҳам жалб этиш ҳамда бу борада улар билан фикр-мулоҳазалар алмашиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
– Ҳар икки йилда ташкил этилаётган ушбу учрашув маҳаллий ва хорижий олимлар илмий фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди, – деди техника фанлари доктори, профессор Исомиддин Сиддиқов. – Чунки айнан саноатни автоматлаштиришда қандай интеллектуал тизимлар яратилаётгани ва уларнинг амалиётга татбиқ этиш жараёнлари қай даражада амалга оширилаётганини олимларимиз ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан кўриб чиқади ва тажриба алмашади. Хато ва камчиликлар таҳлил этилади. Бугунги кунда математик моделлар ва билимлар базасидан фойдаланган ҳолда технологик жараёнларни автоматлаштириш талаб этилмоқда. Бунга биз фақат интеллектуал тизимлар яратиш орқали эришишимиз мумкин. Қўнғирот сода заводидаги карбонизация жараёнини интеллектуал тизим орқали бошқариш бўйича амалга ошираётган ишларимиз бунга яққол мисолдир.
Тадбирда саноатни автоматлаштириш учун интеллектуал тизимларни компонентли лойиҳалашнинг комплекс технологияларига бағишланган маърузалар тингланди.
Анжуман ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.