Ўзбекистон Давлат санъат музейи: ўтмиш ва бугуннинг кўзгуси

Ўзбекистон давлат санъат музейи 100 йиллик фаолияти мобайнида катта тарихий йўлни босиб ўтди.
1918 йил 476 та шахсий тўплам билан иш бошлаган масканнинг нодир ашёлари бугунги кунда юз мингга яқинлашиб қолди. Йилдан-йилга қиммати ошаётган бу осори-атиқалар минглаб маҳаллий ва хорижий мухлисларни ўтмишни ўрганишга ундаб, улар бугунги жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу маскан нафақат тарихий асарлари билан, балки ўзининг қимматли кутубхонасига ҳам эга. Унинг фондида ўзбек, рус, инглиз, француз, немис, хитой, япон, корейс ва бошқа тиллардаги 23 мингдан ортиқ ноёб китоблар сақланмоқда.
Хўш, мазкур маданият гўшаси ўзининг юз йиллик тантаналарига қандай тайёргарлик кўрмоқда? Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар музей фаолиятига қандай ўзгаришларни олиб кирди? Музей экспозицияси ва ундаги қулайликлардан мухлислар мамнунми?
ЎзА мухбирининг Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Васила Файзиева билан бўлган суҳбати шу саволлар асосида бўлди.
– Музейимиз чиндан ҳам узоқ тарихга эга. Унда сақланаётган ҳар бир асар ўтмишдан, ота-боболаримиз яшаб ўтган даврлардан сўзлайди. Айниқса, қадимий осори-атиқалар, заргарлик, кандакорлик, гиламдўзлик, каштадўзлик, кулоллик, меъморлик намуналари, қолаверса, тасвирий санъатимиз дарғаларининг энг сара асарларидан тортиб, Россия, Ҳиндистон, Бирма, Хитой, Япония, Жанубий Кореядан келтирилган суратлар, бронза, чинни, фил суягидан ишланган юзлаб буюмлардан иборат тўпламлар бу ерга келувчилар эътиборини тортмасдан қолмайди.
Музей жамоаси доимий илмий изланишда бўлиб, юз йиллик тантаналарга тараддуд ишлари жорий йилнинг илк кунларидан бошланган эди. Ҳозирги кунда ушбу сана муносабати билан илмий ходимларимиз музей каталогини нашр эттирди. Каталогда музей фонди ҳақида маълумотлар мавжуд. Календарь, буклет ва совғабоп буюмлар ҳам тайёр қилиб қўйилган. Шу билан бирга, жорий йилнинг ўзида илмий ходимларимиз томонидан халқ амалий санъати асарлари бўйича грант ютиб олишга муваффақ бўлишди. Улар мавзу доирасида йигирмадан ошиқ илмий мақолалар ёзди. 2018-2020 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа ҳам бевосита маскан тарихи ва фаолиятини ўзида ифода этади. Бундан ташқари, “Ипак йўлида туризм” деб номланган Тошкент халқаро туризм кўргазмасида жамоамиз фаол қатнашиб, унда саксондан ошиқ фирмалар билан шартномалар тузишга эришдик. Албатта, бу шартномалар нафақат халқимизни, балки хорижликларни ҳам музейга жалб қилишга кенг имкониятдир.
– Албатта, бу каби тараддуд ва қилинган ишлар кишини қувонтиради. Айнан музейнинг юз йиллигини нишонлаш қай тарзда режалаштирилмоқда?
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги «2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан давлат музейлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини бажариш белгиланган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2018-2020 йилларда музейимизда қуриш ва қайта қуриш ишлари бажарилади. Музейда бу борада дастлабки ишлар бошланган бўлиб, қурилиш лойиҳаси бўйича смета ишлаб чиқилган ва ҳозир у тасдиқланиш жараёнида.
Шу ишларга қарамасдан, жорий йилнинг ноябрь ойида авангард асарлар кўргазмасини ташкил этиш ниятидамиз. Юз йиллик юбилей муносабати билан ўтказиладиган ушбу кўргазмага вазирлик ва ташкилотлар ҳамда вилоятлардан шу соҳа ходимлари таклиф этилади. Биз қутлуғ санани биргина кўргазма ўтказиш билангина чегараланмасдан, балки халқаро миқёсда нишонлаш режамиз ҳам бор. Музейда қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг юз йиллик катта тайёргарлик билан ўтказилади.
– Музей фонди ва унинг сақланиш ҳолати ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Фонднинг бойитилиш жараёнлари қандай амалга оширилади?
– Музей фондидаги мавжуд ашё ва коллекцияларни сақлашнинг ўзига хос меъёрий тартиб ва талаби бор. Олтмишдан ортиқ ишчи ва илмий ходим меҳнат қилаётган жамоанинг асосий мақсади ҳам бу ердаги ноёб фондни асраш ва уларни намойиш қилиш, маънавият ва санъатимиз намуналарини халққа тарғиб қилиш орқали маънавий юксак авлодларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишдир.
Ўтган йиллар мобайнида музейда таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бу жараёнларда бино девори ойнага алмаштирилган. Мовий ранг бу ойнабанд девор кўринишдан жуда кўркам, лекин қуёшнинг нуридан музейда намойишга қўйилган асарларни асрай олмайди. Музейда тарихий асарлар учун мўътадил ҳарорат зарур бўлади. Бинодаги совутиш тизимлари ҳам анча эскирган. Шунга қарамасдан, бу нодир асарларни асраб-авайлаш чоралари кўриб келинмоқда. Бор имкониятлардан фойдаланиб, фонддаги асарларни ўз ҳолатича сақлашга муваффақ бўлдик. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги қарори бу каби муаммоларни бартараф этишда муҳим ҳужжат эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу борада бошланган ишлар бизни анча хотиржам қилди.
Музейда бир йилда 20-22 маротаба турли йўналишларда кўргазмалар ўтказилиб келинади. Ўтказилган кўргазмаларда тақдим этиладиган асарлар, рассомларнинг шахсий кўргазмалари ҳамда фуқароларнинг ўзлари ҳадя этадиган совғалар музей фондига киритилиб борилади. Масалан, жорий йил музей 500 дан ошиқ асарлар билан бойитилди.
Давлатимиз раҳбарининг маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратган эътибори туфайли музей фондини мустақиллик даврига оид сара асарлар билан тўлдириш мақсадида 2 миллиард сўм ажратилди. Ҳозир бу ишларни амалга ошириш учун махсус комиссия фаолият кўрсатмоқда.
– Маҳаллий ва хорижлик мухлислар учун қандай қулайликлар яратилган? Улар музей фаолиятидан мамнунми?
– Албатта, хурсанд. Чунки бу ерда улар мозийга саёҳат қилади. Ахир, ўзида катта тарихни мужассам этган музейдаги осори-атиқаларнинг энг қадимгиси антик даврга, аниқроғи, эрамизгача бўлган I аср ва эрамизнинг I – XIII асрларга тааллуқлидир. Бу ерда антик даврдан то шу кунга қадар бўлган халқимизнинг бой мероси, қолаверса, Россия, Ғарбий Европа, Шарқ мамлакатлари ўтмишидан хабар берувчи ноёб асарлар сақланмоқда.
Музейда томошабинлар учун барча шароит яратилган бўлиб, бу уларнинг ушбу масканда сақланаётган ашёлар ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Масалан, маҳаллий ва хорижликлар учун ўзбек, рус ва инглиз тилларида гидларимиз маълумотлар беради. Бундан ташқари, бу ерда 10 дан ортиқ аудиогид фаолияти йўлга қўйилган. ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ишлаган лойиҳамиз натижасида музейда Мобиль илова программаси ўрнатилган. Ҳар бир томошабин телефонга махсус QR кодини музейда ўрнатилган Wi-Fi тизими орқали ўз мобиль телефонига юклаб олади ҳамда бемалол экспонатлар билан ўзбек, рус ва инглиз тилларида танишиб чиқади. Унда музей экспозицияси ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилган бўлиб, маҳаллий, ёки хорижлик мухлислар гиднинг иштирокисиз айланиб чиқиши мумкин.
– Музей фаолиятида халқаро ҳамкорликларнинг қандай ўрни бор?
– Музейимизни халқаро даражадаги музейлар қаторидан жой олишга эришиш асосий мақсадимиздир. Бунинг учун эса музейнинг ҳар жиҳатдан мукаммал ва замонавий кўриниш касб этишни таъминлаш зарур. Айниқса, музей фаолиятида илмий ва халқаро ҳамкорликларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Шу боис бугунги кунда мазкур жамоанинг Франциянинг Париж шаҳридаги Лувр музейи, Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейи, Москва шаҳридаги А.С.Пушкин номидаги тасвирий санъати музейи, Қозоғистон давлат миллий музейи, Москвадаги Третьяков давлат галереяси, Тожикистон миллий музейи ва бошқа бир қатор музейлар билан ўзаро ижодий ҳамкорликларни йўлга қўйганмиз. Масалан, Қозоғистон давлат миллий музейида ўтказилган “Ўзбекистон замонавий санъати” кўргазмаси ҳам ана шундай ҳамкорлик натижасидир.
Келгуси режамиз парижликларга Ўзбекистон санъатини намойиш этишдир. Шу сабаб 2021 йилда Лувр музейи билан ҳамкорликда Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазмани ўтказиш режалаштирилмоқда. Бўлиб ўтадиган кўргазмага музейимиздан 6 та ноёб археология ашёси танлаб олинган. Ушбу коллекция мамлакатимизда фаолият юритаётган бошқа музейлар коллекциялари билан бир қаторда тақдим этишга тайёрланмоқда. Айтиш жоизки, бундай халқаро ҳамкорликлар нафақат давлатлар ўртасида ўзаро маданий алоқаларни мустаҳкамлайди, балки тарих ҳақида илмий изланишлар олиб боришда фикрлар муштараклигига ҳам кенг йўл очади.
– Эътиборингиз учун раҳмат!

 

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди