“Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми матбуот маркази иш бошлади

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида “Ўзэкспомарказ”да 18-20 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик I форуми ўтказилади. 

17 октябрь куни форум тафсилотларини тезкор ёритиш мақсадида “Ўзэкспомарказ”да барча шароитга эга матбуот маркази иш бошлади.

Хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига қулайлик яратиш мақсадида форумнинг асосий тадбирлари матбуот марказига тўғридан-тўғри трансляция қилинади. Бундан ташқари, марказ замонавий компьютерлар, принтерлар ва бошқа кўп функцияли қурилмалар билан жиҳозланган. Юқори тезликдаги Wi-Fi ва симли узатиш орқали Интернет тармоғига уланиш имконияти мавжуд. Матбуот маркази ҳудудида мобиль алоқа операторлари карталари сотуви ва хизмат кўрсатиш ҳудудлари ташкил этилди.

Матбуот марказида журналистларга ёрдам кўрсатиш учун ахборот марказлари фаолияти йўлга қўйилди, шунингдек, махсус телеграм боти ва гуруҳлари ишга туширилди. Тадбирлар давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга махсус рақамларга қўнғироқ қилиб, жавоб олишлари мумкин.

2.jpg

 

Инобат Аҳатова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА