Дунё мамлакатлари ва халқлари учун тинчлик ва осойишталик – энг олий неъматдир. Бугунги мураккаб вазиятда давлатлар ҳамда халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва дўстона алоқаларнинг ўрнатилиши ана шу ҳақиқатни яна бир карра исботламоқда.
Республикамиз мустақил давлат сифатида дунё саҳнига кўтарилгач, дўстлик, ҳамжиҳатлик ва тенглик тамойили асосида ўз сиёсатини қатъий ва дадил юритиб келмоқда. Миллий ва халқаро манфаатларимизга тўлиқ жавоб берадиган Тараққиёт стратегиямиз дунё сиёсатида мустаҳкам ўрин эгаллашимиз учун йўл очмоқда.
Жанубий Корея муҳим стратегик шерикларимиздан биридир. Тинчлик, эзгулик ва ҳамжиҳатлик сиёсати асосида тараққий этиб келаётган ушбу мамлакат тараққиёти собитқадамлик билан давом этиб келмоқда. Маълумки, ўтган йили мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Президентининг таклифига биноан 22-24 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Унда давлатимиз раҳбари шундай таъкидлаган эди: “Корейс мақолига кўра, “Қийин вазиятда топилган дўст – чинакам дўстдир”. Бу бизнинг ўзбек халқ мақолига жуда ҳам ўхшайди: “Дўст бошга кулфат тушганда билинар”. Бугунги кунда Ўзбекистонда 200 мингдан ортиқ корейс миллатига мансуб аҳоли яшайди. Улар ўзларига иккинчи Ватанни кашф этдилар, юртимизнинг муносиб ўғил-қизлари, биз чиндан-да фахрлана оладиган қадрли фуқароларимизга айландилар.
Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан ҳар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик кўлами янада кенгайди. Бу ҳамкорлигимиз савдо, сармоя, ёқилғи-энергетика, кимё, тоғ-кон саноати, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, транспорт ва логистика, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тиббиёт, туризм, фан-таълим ва маданият каби кўплаб соҳаларни қамраб олган.
Мамлакатларимиз ўртасидаги бундай алоқалар соғлиқни сақлаш, миллий генофондимизни асраб-авайлаш, келажак авлод саломатлигини муҳофаза қилиш борасида ҳам кенг қулоч ёйганини кўриш мумкин.
Хусусан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди “KOFIN” Корея халқаро соғлиқни сақлаш фонди, “JCI” халқаро ёшлар ташкилоти, “SEJONG”, “Yonsei University Severance Hospital” ва “INHA” госпиталлари, “Soo and Jin Corporation” фонди, “Ewha Womans University” университети, “Save the children”, “Vision Care Service”, “Siloam Center for the Blind” халқаро ташкилотлари ҳамда “Shin Dong Resoures Co. Ltd” компанияси каби бир қатор соғлиқни сақлаш йўналишидаги муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилаётир.
Уларнинг ҳамкорлик фаолияти ҳақидаги айрим маълумотларни келтириб ўтсак. 2006 йилда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Корея халқаро фонди – доктор Ли Жонг Вук хотира фонди ўртасида узоқ истиқболли шартнома имзоланган эди. Ўша йили “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан Ўрта Чирчиқ туман болалар шифохонасини реконструкция қилиш ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш борасида 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги ҳамкорлик келишуви имзоланди. Бу тиббий муассасада ўша йилиёқ юқори лаблар ва танглай кенгайиши ташхиси қўйилган болаларда юқори сифатли бир неча операция муваффақиятли ўтказилди.
2010 йилда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди тиббий-ижтимоий марказини қайта ташкил этиш бўйича лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳа доирасида ушбу марказнинг янги биноси қурилиши ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши, марказ ходимларини Корея тиббий муассасаларида ўқитиш кўзда тутилган эди.
2018 йилга қадар Ўзбекистон Республикасидан 46 нафар мутахассис Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди йўлланмаси билан Корея Республикаси госпиталларида бепул асосда тажриба ўтаб келишди.
2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро фонди ҳамда “Ewha Womans University” университети ўртасида тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланган эди. Мазкур келишув асосида 2014-2017 йиллар давомида 3467 киши тиббий кўрикдан ўтказилди. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мазкур тиббий кўрикка Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникалари шифокорлари жалб қилинди. Улар кореялик ҳамкасблар
и билан Фарғона ва Наманган вилоятлари аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инҳа университети госпитали, “Соғлом авлод учун” фонди ўртасидаги мамлакатимиз аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тузилган узоқ муддатли ҳамкорлик келишуви доирасида ҳар йили госпитал шифокорлари, тиббиёт ходимлари ва кўнгиллилар Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий ва бошқа вилоятлар аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюради.2010-2017 йилларда ана шундай хайрия акциялари муваффақиятли ўтказилди.
Маълумки, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Жанубий Кореянинг халқаро ташкилотлари ўртасида бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш бўйича мунтазам чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётир. Хусусан, 2011 йилдан буён Фонд томонидан юрак туғма нуқсонлари бўлган бемор болаларни соғломлаштириш дастури амалга ошириб келинади. 2011-2015йиллар давомида республикамизнинг барча вилоятларида 245 нафар туғма юрак нуқсони бор болалар Жанубий Кореянинг “Save the children” халқаро ташкилоти кўмаги билан Тошкент педиатрия тиббиёт институти кардиохирургия бўлимида операция қилиниб, соғломлаштирилди.
Кам таъминланган оилалардаги туғма юрак нуқсонлари бўлган ногирон болаларнинг хасталигини бартараф қилиш учун зарур тиббиёт анжомлари “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва ҳомий ташкилотлар кўмагида етказиб берилмоқда.
Жорий йилнинг 28 апрель куни Жанубий Кореянинг “Junior Chamber International – JCI” халқаро ёшлар ташкилоти кўмагида туғма юрак нуқсони бўлган 36 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга тегишли муолажалар кўрсатилди. Уларнинг 5 нафари эса Седжонг клиникасида операция қилинди. Мазкур халқаро ёшлар ташкилоти кўмагида жами 45 нафар туғма юрак нуқсони бор бўлган болалар операция қилинди.
2018 йилда “Vision Care Service” халқаро ташкилоти мутахассислари билан ҳамкорликда Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида хайрия акцияси ўтказилди. Унда мазкур вилоятдаги 858 нафар киши офтольмологик кўрикдан ўтказилди ва 112 нафар беморга катарактани бартараф этиш муолажаси ўтказилди. 2015-2018 йиллар давомида кореялик мутахассислар томонидан 4630 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, 697 нафари хайрия асосида операция қилинди.
Кореянинг “Siloam Center for the Blind” хайрия ташкилоти билан ҳам кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган.
2015-2016 йилларда Тошкент шаҳридаги кўзи ожизлар учун махсус мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 9746,8 АҚШ доллари миқдорида, Ангрен шаҳридаги жисмоний имконияти чекланган болаларга мўлжалланган 58-умумтаълим мактаби учун 61,750 АҚШ доллари, Янгийўл шаҳридаги 70-ихтисослашган мактаб моддий-техник базаси учун 34,189 АҚШ доллари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Мазкур грант маблағларига тиббиёт ускуналари, ўқув ва спорт анжомлари ҳамда Брайл алифбосидаги махсус қоғозлар харид қилинди.
Жанубий Корея Республикаси билан тиббиёт соҳасида ўзаро ҳамкорлик кенг кўламда олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда “KOFIN” Корея халқаро соғлиқни сақлаш фонди ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўртасида биологик ва тиббий муҳандисларни ўқитиш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳар йили Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази базасида даволаш-профилактик муассасалар муҳандислари учун тиббий техникалардан фойдаланиш бўйича семинар ўтказилади. Жумладан, жорий йилда ушбу илмий марказ базасида 46 нафар муҳандис ва техник мутахассисларга замонавий тиббий техникадан фойдаланиш сир-асрорлари ўргатилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари малакасини ошириш бўйича Меморандумга мувофиқ, 2017-2018 йилларда офтальмология соҳаси бўйича 5 нафар ҳамда реабилитация ва физиотерапия соҳасида фаолият юритувчи 15 нафар мутахассис Кореяда малака ошириб қайтди. Улар эндиликда ўз малака ва тажрибаларини тиббиёт масканларида қўллаб, аҳоли саломатлиги йўлида хизмат қилаётир.
“Probono International Corporation” ҳамкорлиги бўйича халқаро фонд ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўртасида тузилган “Аҳоли саломатлиги йўлида” лойиҳаси доирасида 2016-2017 йилларда Тошкент вилоятида 3362 киши тиббий кўрикдан ўтказилди.
Маълумот сифатида жорий йилнинг 6-10 июнь кунлари Корея университети тиббиёт маркази президенти ҳамда бошқарма раиси, тиббиёт муаммолари бўйича вице-президент, профессор Ли Ки Хенг раҳбарлигидаги делегация ташрифини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Унда клиник йўналиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси ва Корея университети тиббиёт маркази ўртасида ходимларни амалий ўқитиш ҳамда малакасини ошириш бўйича Битим имзоланди.
Жорий йил май ойида “Суаджин” фонди, “Седжонг” госпитали, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўртасида имзоланган келишувга асосан, Ўзбекистоннинг барча вилоятларида 12 нафар бемор болалар ва уларнинг ота-оналари Жанубий Кореяда бўлишди. Болалар қўшимча тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларда туғма юрак нуқсонини бартараф этиш операциялари амалга оширилди. Бемор болалар ва уларнинг ота-оналарининг Кореяга сафари билан боғлиқ транспорт ва операция харажатлари “Суаджин” фонди томонидан қопланди.
Бундай саховат, бағрикенглик, юксак инсоний муносабатлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги, янада юқори босқичга кўтарилганидан далолатдир.
18 сентябрдан 1 октябрга қадар Жанубий Кореяга амалга оширилган ташриф асносида мамлакатдаги бир қатор давлат тузилмалари вакиллари, нодавлат ташкилотлар, хайрия фондлари ҳамда тадбиркор ва ҳомийлар билан учрашувлар ўтказилди. Мураккаб тиббий операцияларга муҳтожларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик, хусусан, “Rotary Club of Gwangju-Ibseog” бизнес-маркази, “Himchan Hospital Joints and Spines” ва “Sooncheon Foundation Chung Hospital” госпиталлари билан шартномалар имзоланди.
Барча ташаббуслар ва хайрия акцияларини ўтказишда Ўзбекистондаги Жанубий Корея элчихонаси ва Корея Республикасидаги Ўзбекистон элчихонаси бизга катта ёрдам берди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кореялик ҳамкорлар билан биргаликда навқирон авлодни вояга етказиш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, уларнинг барчаси ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Самимий дўстлик ва умуминсоний қадриятларга асосланган икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар келгусида ҳам жадал тараққий этаверади, деб ишонамиз. Чунки хайрли мақсадларга эришиш йўлидаги дўстлик ва ҳамкорлик сарҳад билмайди.
Светлана Иномова,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия
фонди бошқаруви раиси.
ЎзА