Инновацион ривожланиш вазирлиги Туркия билан уруғчилик кластери тузмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлигида Туркиянинг “Агробест” корхонаси раҳбари Эроглу Фаруни билан учрашув бўлиб ўтди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизматининг бизга тақдим этган маълумотига қараганда суҳбат давомида Тошкент вилоятида тузилажак кластернинг имкониятлари, яратиладиган шароит ва истиқболдаги режалар муҳокама этилган. Шунингдек, юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам янги кластерлар ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар кластерни тузиш бўйича ишларни тез суръатлар билан олиб бориш зарурлигини таъкидларканлар, уруғчилик бизнесининг ўзига хос жиҳатларини эътиборга олганда бу масалада бир ой кечикиш ишнинг яна бир йилга ортга сурилишига сабаб бўлишини қайд этишди. Жаноб Фаруни ноябрь ойининг бошларидаёқ Тошкентга уруғчилик соҳасида 12 йиллик тажрибага эга мутахассис Рашид Ўтлук келишини маълум қилди. Инновацион ривожланиш вазири Иброхим Абдураҳмонов ўз навбатида ҳамкорликдаги кластер тузиш масаласида барча шароитларни яратиб беришга тайёрлигини, жумладан, ташкилотнинг ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш, ер масаласини ҳал қилиш ишларига ўзи бош-қош бўлишини билдирган.
Янги ташкил этиладиган уруғчилик кластери нафақат, уруғ етиштириш, балки уларни ташқи муҳит таъсири ва зараркундалардан ҳимоя қилиш учун дорилаш, сақлаш, қадоқлаш ишлари билан ҳам шуғулланади.
Ҳар бир ҳудудга мос уруғ навларини етиштириб, уларни экиш, парваришлаш,умуман агротехникаси бўйича фермерлар билан семинарлар ҳам уюштиришни йўлга қўйиш керак, – деди Эроглу Фаруни. – “Бизнинг мақсадимиз, сифатли уруғ ишлаб чиқариб, уни фермерларга сотиш билан бир қаторда, чегараланган сув ва ер ресурсларидан унумли фойдаланилишига эришишдир. Бунинг учун аввало сифатли, муайян табиий шароитларга мос уруғ етиштириб беришимиз лозим, аммо уни тўғри парваришлашда ҳам гап кўп. Фермерларнинг аксарияти янгиликни ёқтиришмайди, синалган усуллардан фойдаланишни маъқул кўришади. Деҳқончиликка янгилик киритиш қийин, биз буни биламиз, ва қийинчиликлардан қочмаймиз”.
Суҳбатдан сўнг меҳмонни Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази фаолияти билан яқиндан таништирилди. Марказдаги илмий лабораторияларда ҳужайралардан кўпайтирилган пахта, буғдой, узум ниҳоллари намойиш этилди, ген-нокаут усули билан яратилган “Порлоқ” туркумидаги тезпишар, ҳосилдор пахта навларининг хусусиятлари ҳақида сўзлаб берилди. Марказ қошидаги тажриба иссиқхонаси ва марказнинг бир неча гектарли пахтазори ҳам меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигидаги делегациянинг 16–20 сентябрь кунлари Туркияга сафари чоғида пахтачилик ва томчилаб суғориш тизимидан фойдаланиш масалаларида қатор музокаралар ўтказилган эди.

 

Н. Тошпўлатова, ЎзА