Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, иқтисодий алоқаларда – юртимизда сўнгги даврда инвестицион муҳитнинг сезиларли даражада яхшилангани, тадбиркорликка яратилаётган имкониятларнинг кенгайгани ҳам самарали омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўсиш суръатлари ошди… Минглаб янги иш ўринлари яратилди… Кўлам жиҳатдан тенги йўқ лойиҳаларга қўл урилмоқда… Хорижий инвестициялар жалб этиляпти… Бу иборалар – Ўзбекистоннинг бугунги иқтисодий манзараси учун ғоят ёрқин ифода. Инчунин, хорижий сармоялар ҳақида сўз бораркан, бугун Ўзбекистонга инвестиция киритаётган мамлакатлар жўғрофияси – етти иқлимнинг исталган бурчидан, десак муболаға бўлмас: қай бири ҳали лойиҳа ҳолида, бошқаси эса аллақачон йўлга қўйилиб улгурди. Россия, АҚШ, Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Германия, Корея, Беларусь ва ҳоказо… Мамлакатлар саноғи талайгина, бироқ айни шу кунларда эса бу узун рўйхатлар орасида француз корхоналарига бўлган эътибор бўлакча.
Намуна сифатида фаолиятига айнан Ўзбекистонда старт берилган парфюмерия саноатига ихтисослашган корхонани келтирмоқчимиз. Бир йил аввал ташкил этилганига қарамай, ушбу ишлаб чиқариш қувватининг ҳозирданоқ натижалари чакки эмас.
Шу ўринда бироз чекиниш қилсак. Биламизки, Франция том маънода хушбўй ифорлар юрти. Айнан ўша ўлкада, аниқроғи, Ницца шаҳридан 30 чақирим берироқда – жаҳоннинг чинакам парфюмерия пойтахти қад ростлаган. Уни Грасс дейдилар. Шаҳарча ва унинг атроф-жавонибларида оламга машҳур француз атирларига ишлатиладиган асосий унсур – хушбўй мойлар тайёрланади. Бунинг таърифи-ю тарихи – оз эмас-кўп эмас, тўрт асрдан ошган. Дарвоқе, якто-ю ягоналик шу билан чекланмайди. Парфюмерия саноати учун мутахассислар тайёрлайдиган дунёдаги битта-ю битта олий ўқув юрти ҳам фақат фарангларда – Версаль шаҳрида жойлашган. Шу каби қизиқарли фактларга таянадиган бўлсак, француз мутахассислари айнан Ўзбекистонни шерик сифатида танлаганида ҳам бир хислат бор, деб юборасан.
– Ҳамма гап шундаки, Ўзбекистон – иқтисоди изчил ривожланиб бораётган мамлакат. Давлат эса сармоядорларга – у хоҳ ер, хоҳ ҳуқуқий масалалар ва ёхуд банк кредитлари йўналишларида бўлсин, ҳар томонлама кўмак бериб келмоқда. Мен бу ерда бизнес ривожи учун ҳеч қандай тўсиқ кўрмаяпман. Аксинча, бугун мамлакат дунё учун очиқлик сиёсатини танлаган, бу эса –истиқболда янги бозорлар ҳам пайдо бўлади, дегани. Муҳими, бундай амалий мулоқот давом этмоқда. Давлат ҳам, ҳукумат ҳам, жойлардаги маҳаллий маъмуриятлар ҳам – ташаббус ва ҳаракатларимизни мудом қўллаб-қувватлашмоқда, – дейди франциялик хорижий сармоядор Николяс Ван Бек.
Корхонада кўп технологик жараёнлар автоматлаштирилган. Лекин, парфюмерия соҳасида ҳамма ишни техниканинг елкасига ортолмайсан. Айниқса, ишнинг нозик жараёнларида инсон омили муҳим ўрин тутади. Ишлаб чиқаришда эса, бугун оз эмас-кўп эмас, 48 нафар ана шундай ноёб касб эгалари меҳнат қилади.
– Шуни айтмоқчи эдимки, қаерда самарали ислоҳотлар давом этаркан, ўша ерда имконият ҳам шунга яраша бўлади, – дейди Николяс Ван Бек. – Ўзбекистонда эса бозор талабига кўра малакали мутахассисларни тайёрлаш тизими ҳам яхши йўлга қўйилган. Ўз ўрнида биз ҳам ходимлар малакасини ошириш учун Франциядан етук экспертларни жалб этишга тайёрмиз. Биргаликда инновацион лойиҳаларни жорий этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида бозорни сифатли ва арзон косметик воситалар билан таъминлаймиз, деган умиддамиз.
Бу гапларга биргина қўшимча қилмоқчи эдик. Ўзбекнинг жаннат заминидан унган хомашё ҳамда французларнинг малака ва тажрибаси билан уйғунлашиб, бозорларимизда ҳали кўп йиллар ёқимли ифор таралади, деган эзгу умидлар ҳам йўқ эмас. Бугунги мисол кўз олдимизда қад ростлаётган янги сиёсат маҳсули бўлмиш ишонч ва манфаат дарахтининг меваларидан бири, холос…
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази билан
ҳамкорликда тайёрланди
ЎзА