Сурункали кислород етишмаслиги туфайли она қорнида суст ривожланган чақалоқларнинг вазни анча кам бўлади…
Оила қуриш инсон ҳаётидаги энг масъулиятли ишлардандир. Мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар бир оила мустаҳкам пойдеворга эга бўлишига эришиш, жамиятда ҳар бир гўдакнинг соғлом туғилиши ва яшаб кетишини тўла кафолатлайдиган зарур шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, оила ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, халқимизнинг муқаддас урф-одатлари сайқал топадиган, келажак авлод камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир. Мутахассисларнинг фикрича, йигит-қизнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади.
Мазкур мавзуга кенгроқ тўхталиб, мутахассисларнинг бу борадаги фикрларини ҳам ўрганиб чиқдик. Таъкидланишича, қизларнинг 16-18 ёшларда она бўлиши жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Қизларнинг жисмонан ва руҳан оналикка тайёр бўлмасдан оила қуриши кўпинча туғруқ жараёнида ўлим хавфи ортишига сабаб бўлади. Бинобарин, эрта ҳомиладорлик ёш она ҳамда бўлажак фарзанд учун ҳар томонлама хавфлидир.
– Аёл қанча ёш бўлса, ҳомиладорлик давридаёқ турли патологик, экстрагенитал хасталиклар кучаяди, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида рўй берадиган ўзгаришларнинг салбий оқибатлари кўп бўлади, – дейди Зангиота тумани тиббиёт бирлашмаси оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бўлим бошлиғи ўринбосари Зилола Бузрукова. – Эрта ҳомиладорлик кўпинча бола тушиши ёки ўлик туғилиши билан тугайди, бу ҳолат ҳомиланинг нуқсонли ривожланиши сабабли ҳам она, ҳам бола саломатлигига катта хавфдир. Бундай асоратлар кейинги ҳомиладорликнинг нормал кечиши ва туғруқнинг табиий равишда амалга ошишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис кўп ҳолларда ёш турмуш қурган аёлларнинг фарзандлари жарроҳлик амалиёти орқали дунёга келтирилади. Сурункали кислород етишмаслиги туфайли она қорнида суст ривожланган чақалоқларнинг вазни анча кам бўлади. Афсус билан шуни айтиш мумкинки, уларнинг аксарияти кўп яшамайди. Бугунги кунда скрининг текширувлари натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли хил аномалиялар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли юзага келмоқда. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Аммо айримлар эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишади. Натижада носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади, келин-куёвларнинг ҳаёти издан чиқади.
Соғлом фарзанд соғлом онадан дунёга келади. Ёшларда соғлом ва аҳил оила қуриш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга интилишни рағбатлантиришдек эзгу ишлар замирида, аввало, баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассамдир.