Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Италия Савдо-саноат палатаси қошидаги FORMAPER агентлиги ҳамда Қозоғистон савдо-саноат корхоналари уюшмаси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Айни вақтда мазкур хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликдаги лойиҳалар кўлами кенгайиб бораётир.
“Қиймат занжирларини яратиш, барқарор ривожланиш ва эко-инновацияларни такомиллаштириш орқали озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш” лойиҳаси бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга оширилмоқда.Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда қишлоқ хўжалиги корхоналарини самарали қўллаб-қувватлаш, уларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида профессионал мутахассислар тармоғини яратиш ва мустаҳкамлашдан иборатдир.
Шу муноcабат билан 15-19 октябрь кунлари “Le Grande Plazа” меҳмонхонасининг конференц залида “Яшил иқтисодиёт ва яшил молиялаштириш” мавзусида 5 кунлик семинар бўлиб ўтади.
Семинар италиялик дунёга машҳур тренер Сандро Ангиолини томонидан олиб борилади. Унда бизнесни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар, агросаноат ва озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмалари, консалтинг хизматларини кўрсатаётган корхоналар ва қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати соҳасининг бизнес маслаҳатчилари иштирок этиши кутилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида уч йил давомида қатор семинарлар, Европа Иттифоқи мамлакатларида юқорида санаб ўтилган мақсадли гуруҳлар учун амалиётлар ўтказилиши белгиланган.