Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонованинг вазирлик тизимида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Вазир ўринбосарининг маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган 8 ойида “Она ва бола скрининг” марказлари томонидан 214 минг 237 нафар хавфли гуруҳга кирувчи ҳомиладор аёл тиббий текширувдан ўтказилган. Уларнинг 3 минг 391 нафарида туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар билан ривожланаётган ҳомила аниқланган. Ногирон болалар туғилишининг олдини олиш мақсадида тегишли чоралар кўрилди.

238 мингдан ортиқ чақалоқ гипотиреоз ва фенилкетонурия каби туғма ва ирсий касалликлар ташхиси билан текширилиб, касаллик аломатлари аниқланган болалар давлат томонидан бепул дори-дармон ва озиқ-овқат билан таъминланмоқда.

Ҳудудлардаги кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларида аёллар маслаҳатхоналари ташкил этилган. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида қизлар саломатлиги марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Туман, шаҳар кўп тармоқли поликлиникаларида ҳомиладор аёлларни бирламчи скрининг текширувидан ўтказиш учун перинатал ташхис хоналари ташкил этилган.

Тадбирда миллат генофондини асраш, соғлом авлодни вояга етказиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, соҳада бир қатор камчиликлар мавжудлиги таъкидланди.

Мамлакат миқёсида оналар ўлими қисман камайган бир пайтда Навоий, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида бу кўрсаткич юқорилигича қолаётир. Гўдаклар ўлими кўрсаткичи эса, Андижон ва Хоразм вилоятларида ўзгармай қолмоқда.

Тадбирда амбулатор-поликлиника муассасалари билан туғруққа ёрдамлашиш муассасалари ўртасида ўзаро алоқа етарли йўлга қўйилмаганига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, аёллар маслаҳатхоналаридан туғруқ учун аёл ёки ҳомиланинг саломатлик даражасига кўра тўғри йўналтирилмаслиги, туғруқ муассасаларида бунга эътибор қаратилмаслиги ачинарли ҳол.

Депутатларнинг фикрича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун амбулатор-поликлиника муассасалари билан туғруққа ёрдамлашиш муассасалари, шунингдек, турли босқичдаги туғруққа ёрдамлашиш муассасалари фаолиятини ўзаро интеграциялашган ҳолда олиб бориш мақсадга мувофиқ.

Эшитув якунида оилалар, оналар ва болалар саломатлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, соғлом болалар туғилиши, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлаб, даволаш, болалар ногиронлигини камайтириш, оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш юзасидан билдирилган таклиф-тавсияларни инобатга олган ҳолда, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Даврон Суннатов, ЎзА