Денгиз ҳақидаги ширин орзулар…
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани Учсой қишлоғида ўтган асрнинг 80-йилларида ҳаёт қайнаган. Денгиз портида кемалар навбат билан тонналаб балиқ топширган. Бу ерда минглаб одамлар ишлаган.
– Бу гапга бугунги авлод ишонмайди, – деб бошлайди ҳикоясини қирқ йил балиқчилик билан шуғулланган учсойлик отахон Адилжан Бигелдиев. – 1970-йилларнинг ўрталарида Учсой қишлоғидаги портда минглаб одамлар меҳнат қиларди. Биз асосан судак, бакра, лаққа балиқларини овлар эдик. Бир кунда битта кема 50 тоннагача балиқ топширарди. Учсой портининг ўзида 20 га яқин кема хизмат қиларди.
У пайтлар чарчоқ нималигини билмасдик. Туни билан тонна-тонна балиқ топшириб, яна денгизга қайтардик. Мўйноқнинг йигитлари бақувват, чайир бўларди. Ҳарбий хизматга чақирилган йигитларнинг асосий қисми денгиз флотига жалб қилинарди.
Бир ўзим 120-140 килограмм тош босадиган балиқларни бемалол тутаверардим. Денгизда бакрабалиқ шундай кўп эдики, афсуски, ўша пайтлар бунинг қадрига етмаганмиз. Ҳозир дунё ресторанларидаги энг қиммат десерт саналадиган бакрабалиқдан олинадиган увилдириқлар ахлатга ташланарди. Овқат бакрабалиқ ёғидан тайёрланарди.
Бакрабалиқ асосан денгизнинг ўртасида бўларди. Баъзан қоронғи тунда адашиб ҳам қолганмиз. Бир куни қалин туманда денгиз ўртасида компасимиз ишламай қолди, денг. Кўп вақт адашиб юрганмиз. Тўсатдан ёнимизда ҳарбийлар кемаси пайдо бўлган. Компасимизни тузатиб, қайси томонга юришимизни кўрсатган. Кейин билсак, биз адашиб, ўша пайтларда энг махфий саналган ҳудуд – Орол денгизи ўртасидаги Возрождение оролига яқинлашиб қолган эканмиз.
Бакрабалиқларга буюртма кўп бўларди. 1975 йили соҳилга минглаб бакрабалиқлар чиқиб қолган. Одамлар ҳайрон. Бундай ҳолат аввал сира кузатилмаган-да! Шунда қишлоқдаги кекса балиқчилар «Воҳ, денгиздан айрилдик. Бакрабалиқларнинг соҳилга чиқиб кетиши яхшилик аломати эмас», дейишган эди.
Мўйноқда у пайтлар кўп сонли урал казаклари ҳам истиқомат қиларди. Бакрабалиқларнинг соҳилга чиқиб кетиш ҳодисасидан кейин улар ҳам ёппасига кўчиб кета бошлади. Ҳозир ўйласам, улар ҳам денгизнинг келажаги йўқлигини билган.
Кўп ўтмай денгиз суви камайиб, қуриб бораётганини ўз кўзимиз билан кўра бошладик. Тузлилик даражаси ошиб, бакрабалиқлар бутунлай қирилиб кетди. Кейинчалик тузли сувга чидамли камбала балиғи кўпайтирилди. Биз 1992 йилгача балиқчилик билан шуғулландик. Энг охирги овлаган балиғимиз шу камбала бўлди.
Халқ тилида «балиқлар шоҳи» деб аталадиган бакрабалиқ асосан Қора денгиз, Азов, Каспий ва Орол денгизлари ҳавзаларида тарқалган. Балхаш кўли ҳавзасида иқлимга мослаштирилган.
«Википедия» маълумотларига кўра, бакрабалиқ ҳаётининг бир қисмини денгизда (шўр сувда) ўтказса, урчиш даврида дарёга (чучук сувга) ўтади. Урғочиси 12-14 ёшда, эркаги 8-9 ёшда вояга етади. Серпуштлиги ёшига боғлиқ. Узунлиги 120-150 сантиметр, оғирлиги 13-20 килограмм бўлганда 210-340 минг увилдириқ (тухум) қўяди. Орол денгизининг биологик ҳолати балиқлар учун яхши бўлганда увилдириқ ташлаш учун Оролдан Амударё ва Сирдарё дельтасида тўпланиб, сўнгра дарёнинг юқори оқимидаги қулай жойларга кетади. Тухумдан чиққан балиқчаларнинг бир қисми дарё оқими бўйлаб денгизга (шўр сувга) қайтади, қолганлари эса дарёда қолади.
Бакрабалиқ Орол денгизи ҳавзаларида 1936 йилгача кўплаб овланган. Сирдарё ва Амударёда кўплаб ирригация иншоотлари қурилиши ва Орол денгизи экологик ҳолатининг ўзгариши натижасида улар жуда камайиб кетди. Ҳозир Амударёнинг қуйилиш жойидаги сув ҳавзаларида ва Зарафшон дарёсининг қуйи қисмидаги йирик каналларда оз миқдорда сақланиб қолган. Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.
Учсой қишлоғи Мўйноқ тумани марказидан 18 километр нарида жойлашган. Бир пайтлар гавжум бўлган порт ва балиқ заводлари ўрни ҳозир бўм-бўш. Денгиз қуригандан кейин балиқчилар бошқа жойларга кўчиб кетган.
Ҳозир бу ерда денгизнинг қуриган тубидан газ қазиб олинмоқда. «Учсой» овул фуқаролар йиғини «Обод қишлоқ» дастурига киритилиб, замонавий қиёфа касб этмоқда. Қишлоқ аҳолисининг аксарияти ота касбини давом эттириб, яқин жойлардаги кўлларда балиқчилик билан шуғулланади.
Собиқ Мўйноқ консерва заводи ўрнида эса кичик саноат зонаси ташкил қилиниб, қатор замонавий корхоналар барпо этилмоқда. Консерва заводи гуриллаб ишлаган йилларда ишлаб чиқариш қуввати йилига 21,5-22 миллион банкагача етган. Умуман, Мўйноқда 1890 йилдан бошлаб бир асрдан кўпроқ вақт давомида балиқ қайта ишланган. Корхона 1998 йил – фаолияти тугатилгунга қадар бошқа жойлардан келтирилган хомашё асосида ишлаб келган.
Орол денгизида бир пайтлар 200 га яқин денгиз кемаси ҳаракат қилган ва уларда 2 мингдан ортиқ балиқчи оила тебратган. Ҳозир булардан фақат ширин хотиралар қолган, холос.
Есимхон Қаноатов, ЎзА