Бюджет жараёни шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш – замон талаби

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Жаҳон банки ва Европа иттифоқининг қўшма миссияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси М.Жумагалдиевнинг таъкидлашича, мамлакатимизда олиб борилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар бюджет жараёнини халқаро мезонлар ва стандартлар асосида ташкил этишни тақозо этмоқда.
Давлат ва жамоатчилик учун молиявий ҳисобот стандартларига (International Public Sector Accounting Standards, IPSAS) кўра, мамлакатнинг давлат ва маҳаллий даражадаги бюджет жараёнлари тегишли тузилмаларга ва жамоатчиликка очиқ ҳамда тушунарли тарзда тақдим этиб борилиши лозим. Президентнинг жорий йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишда муҳим қадам бўлиб, бюджет жараёнлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Учрашувда қўшма миссия аъзолари мамлакатимизда Давлат бюджети параметрлари ижроси устидан парламент назорати ҳамда қонун ҳужжатлари нуқтаи назаридан бюджет аудити назорати ҳақида батафсил хабардор этилди.
Мамлакатимизда мазкур йўналишларда парламент назоратини амалга оширишнинг мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ташқи аудит ўтказиш ва баҳолаш учун ҳар ҳисобот йилида 5 апрелга қадар юборади.
Жорий йилда Жаҳон банки ва Европа иттифоқининг қўшма миссияси давлат харажатлари ва молиявий ҳисобот PEFA талаблари ҳамда стандартларига мувофиқ мамлакатимиздаги молия ва бюджет интизомини, бюджет ресурслари ва молиявий хизматларни тақсимлаш самарадорлигини баҳолайди ҳамда ўз тавсияларини тақдим этади.
Делегация вакиллари мамлакатимизда турли давлат идоралари ва ташкилот ходимлари иштирокида ўқув-семинарлар ўтказган. Ўтган ҳафта давомида молия тизимини таҳлил этиш ишларини бошлаган.
Тадбир давомида бюджет текширувларининг қандай ўтказилиши, бюджет аудити текширувлари хусусида фикр юритилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА