Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармонлари амалий ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Нью-Деҳли, 30 сентябрь. 
ЎзА махсус мухбири Матназар Элмуродов хабар қилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди. 
Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётни чуқур модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, хорижий инвесторларнинг мамлакатимизда ўз бизнесини йўлга қўйишда муҳим имконият яратаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигини ривожлантиришда янги уфқлар очаётгани, жумладан, ташриф доирасида етакчи ҳинд компаниялари иштирокида мамлакатимизда 3,5 миллиард доллардан ортиқ йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича истиқболли келишувларга эришилаётгани қайд этилди.
Ҳиндистонлик ишбилармонлар юртимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани Ҳиндистонда мамлакатимизнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, юқори технологияли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади.
Ташриф арафасида Нью-Деҳлида ўтказилган Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми икки мамлакат бизнес доираларининг ҳамкорлиги учун самарали майдон бўлди. Ушбу форумда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш масалалари муҳокама этилди.

 

ЎзА