Ўзбекистон-Ҳиндистон: ишбилармонлар ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда

Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик яхши ривожланган. Айниқса, савдо-иқтисодий йўналишдаги ишлар эътиборга молик. Ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларга асосланган стратегик шериклик қишлоқ хўжалиги, пахта ва тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот технологиялари, фан-техника, муқобил энергия соҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон Республикасига давлат ташрифи олдидан Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва Ҳиндистон саноат конфедерацияси томонидан ташкил этилган мазкур форумда икки мамлакатнинг уч юздан ортиқ етакчи ишбилармонлари иштирок этди.
Ҳиндистон Ўзбекистонда бизнес юритишга катта қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг турли иқтисодиёт секторлари ўртасидаги алоқалар жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари кўплаб қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Шу маънода, иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатли муносабатларда устувор йўналишлардан бири ҳисобланиши шубҳасиз.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон сармояси иштирокидаги 145 корхона фаолият юритмоқда. 2017 йилда ўзаро савдо ҳажми 320 миллион доллардан ошди. Ўзбекистон Ҳиндистонга металл, минерал ўғитлар, бальзамлар, ипак, дуккакли маҳсулотлар ва бошқа товарларни экспорт қилади. Ҳиндистондан мамлакатимизга асосан фармацевтика ва тиббиёт маҳсулотлари, шунингдек, қора металл, технологик ускуна, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлари импорт қилинади.
Фармацевтика саноати ва соғлиқни сақлаш, туризм, хусусан, тиббиёт туризми, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, минерал ресурслар, жумладан, рангли ва ноёб металларни ўзлаштириш ва қазиб олиш, инфратузилма ва замонавий арзон уй-жойлар қурилиши соҳасидаги лойиҳалар икки томонлама ҳамкорлик учун истиқболли соҳалар саналади.
Бизнес-форум давомида Ҳиндистон саноат конфедерацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича Битим имзоланди. Деҳли шаҳрида Ўзбекистон миллий кўргазмаси очилди. Унда машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот, қандолатчилик, озиқ-овқат ва юртимизнинг бошқа етакчи тармоқлари маҳсулотлари стендлари ўрин олган. Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида қулай шарт-шароитлар яратиш учун асос бўладиган Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлар кенгаши иқтисодий мулоқотни кучайтириш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлар кенгаши турли соҳаларга инвестиция жалб қилиш, савдо-сотиқ, транспорт алоқаларини ривожлантириш, ўзаро транзит йўлакларини кенгайтириш, божхона тарифларини қисқартириш ва эркин иқтисодий зоналарда кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда янги имкониятлар майдонига айланади.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Тошкентдан Деҳли ва Амритсарга тўғридан-тўғри мунтазам қатновларни йўлга қўйиши икки мамлакат фуқаролари учун ҳам айни муддао бўлди. Масалан, 2017 йилда Ўзбекистонга Ҳиндистондан 10 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрди. Туризм соҳасидаги фаолиятни янада фаоллаштириш мақсадида Тошкентдан Мумбай ва Ченнаи шаҳарларига тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларининг йўлга қўйилиши ва кенгайишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналар сони ҳамда ўзаро маҳсулот айланмасини оширишга хизмат қилади.

 

Нурилло Насриев, ЎзА