Нукусда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштирган малакали мутахассислар тайёрлашга қўшган муносиб ҳиссаси, эркин фикрлайдиган, иқтидорли, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги катта хизматлари учун бир гуруҳ устоз ва мураббийлар Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланган эди. Тадбирда соҳа фидойиларига ана шу фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.
– Таълим тизимида катта ўзгариш ва янгиликлар юз бермоқда, –дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири А.Аяпов. – Инвестиция дастури доирасида ҳудудда 22 таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича 32 таълим муассасасида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Янги ўқув йили олий таълим муассасалари учун ҳам муваффақиятли бошланди. Қорақалпоқ давлат университетидан икки талаба Президент стипендиясига сазовор бўлган бўлса, Нукус давлат педагогика институти профессори О.Алеуов “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.
Тадбирда таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Есимхон Қаноатов, ЎзА