Сулола​ ва Қуръон мусобақасининг мутлақ ғолиби ҳақида
2018 йилги Қуръон мусобақаси мутлақ ғолиби Нуриддинов Жолдасбой қори Иброҳим ўғли Қорақалпоғистондаги буюк диний сулола авлодларидан биридир.

Маълумотларга кўра, 1873 йилда фақатгина Амударёнинг ўнг тарафининг ўзида 600дан ортиқ мадраса ва масжидлар бўлган. Бу ўша пайтдаги аҳолидан ҳар 216 кишига биттадан тўғри келади, деган гап.

Шундай муқаддас қадамжоларнинг бири Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани «Кенегес» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Муҳаммад Мурод Эшон масжидидир.

Бу масжид асосан Бобониёз охунд Абдураҳмон ўғли даврида жуда обод бўлган ва Хива хонлигида маълум ва машҳур мадраса-қорихона ҳисобланган. Бунга далил сифатида Бобониёз охундга Хива хони Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон тарафидан туҳфа қилинган 100 таноб ер ҳақидаги ёрлиқни келтириш мумкин.

Ҳижрий 1294 моҳи Муҳаррамнинг 16-санасида ёзилган бу ёрлиқ жудаям катта илмий аҳамиятга эга. Бу даврда хонликда давлат тили ўзбек тили бўлганлиги ва ҳамма расмий ҳужжатлар ўзбек тилида араб ҳарфларида юритилганлигини ҳисобга олсак бу туркий тилларни ўрганишда жудаям муҳим далилий ҳужжатдир. Ёрлиқнома кўлами 22х33см., насталиқ услубида ёзилган, қоғози сариқ рангли бўлиб, кўп сақланиши натижасида пастки қисмлари шикастланган. Бундай ҳужжатлардан асл ҳолида бир нечтаси сақланган.

Муҳаммад Мурод эшон, ҳижрий 1307 ва 1335 йилги ҳужжатларда исмлари “Муҳаммаджон маҳзум ибн Бобониёз охунд марҳуми” деб келтирилади. Кейинчалик мадраса шу кишининг номлари билан юритилган. Катта ўғиллари Жумамурод охунд эса 14 йилгача отасидан илм олиб кейинчалик хонликнинг Оллоҳқулихон мадрасасида таълим олиб, сўнг ўзи ўқиган мадрасада устозлик қилган.

Хонликда бўлиб ўтган қорилар мусобақасида (тахминан 1897 йил) қатнашиб, совринли ўринни эгаллаган. Хафс қироатидан ташқари яна бир неча қироатда ўқиб берганидан кейин таъсирланган Хон Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон (Феруз) ўрнидан туриб ўзининг тўнини Юнус қорига кийдирган ва от олиб келишларига амр қилган. Келтирилган отга қараб: “ўзимнинг отимни келтиринглар”, деган.

Юнус қорини хон ўз отига миндириб, отнинг юганидан ушлаб шу сўзларни айтади: “мен сен билан қанча сафарларга чиқдим, сени қамчиладим, мен сени яхши инсонга беряпман, мендан рози бўл”, деб оти билан хайрлашган“, дея таърифлаган шогирдларидан бири Нуриддин қори.

Юнус қорининг акалари Муҳаммад Мурод, Хўжамурод, Юсуф ҳам илмли кишилар эди.

Замондошлари Юнус қорини ниҳоятда қадрлаганлар.

1913 йили Юнус Тахиатош туманидаги Кенегесда Бобониёз охунд мадрасасида мударрисликни давом эттиради ва бу ерда кўплаб мураттаб қориларни етиштириб чиқаради.

Ҳозирги кунда Бобониёз охунд мадрасаси ўрнида Муҳаммад Мурод Эшон масжиди қурилган.

Юнус қорининг шогирди Нураддин қорининг ўғли бўлган Иброҳим Жумамуратов кўп йиллар давомида “Муҳаммад Мурод Эшон” жомъе масжидининг имоми вазифасини бажарди. У 2001 йили диёримизда ўтказилган “Имомлар” кўрик танловида қатнашиб, бепул ҳаж мукофоти билан тақдирланди.

Ушбу сулола вакил бўлмиш Яқуб Қори Бобониёз охунднинг дуварасидир.

Яқуб қори 2005-йили юртимизда ўтказилган мадрасалараро “Ягона олимпиада”да қатнашиб, фахрли 2-ўринни эгаллади. Ўқишни 2005 йилда имтиёзли диплом билан тамомлаган. Ҳозирги кунда “Муҳаммад Мурод Эшон” жоме масжидида имом вазифасида фаолият юритмоқда ва Қуръон мусобақаси 2018 йил 1-босқичида фахрли 2-ўринни эгаллади.

Бу авлоднинг яна бир вакили, яъни Қурон мусобақасининг 2018 йилдаги мутлақ ғолиби Нуриддинов Жолдасбой қори Иброҳим ўғли 2011 йили 15 мартида Тошкент шаҳридаги “Фирдавс” жомъе масжидида бўлиб ўтган анъанавий қорилар кўрик танловида 2-ўринни, 2012 йил 1-ўринни олган. 2013 йил Қувайт давлатида бўлиб ўтган жаҳон қорилар мусобақасида иштирок этган ва Қуръон мусобақасининг 2018 йил 3-Республика босқичида Гран-прини ютиб олди. Сулоланинг бошқа бир вакили Нураддинов Шамсиддин ўтган йили Муҳаммад ал-Беруний билим юртини тамомлаб Қуръон мусобақасининг 2018 йил 2-Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли 2-ўринни олди.

 

Есимқан Қанаатов, ЎзА