Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 26-27 сентябрь кунлари амалий ташриф билан Францияда бўлди. Ташриф давомида Франция парламенти ва Ташқи ишлар вазирлиги, Европа Парламенти вакиллари билан музокаралар ўтказилди.

Европада истиқбол ва хавфсизлик институти ҳамда Франция Маъмурият миллий мактаби билан биргаликда ташкил этилган давра суҳбатида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик жараёнлари ҳамда Ўзбекистон – Франция муносабатларини янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Франциялик ҳамкорлар Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданият ҳаётидаги ривожланиш тенденциялари Парижда катта қизиқиш билан кузатилаётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни сақлаш соҳасидаги сиёсати Европа мамлакатлари учун намуна бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Учрашувлар доирасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан иқтисодиёт ва валюта бозорини либераллаштириш, саноатни модернизация қилиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, суд-ҳуқуқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларини такомиллаштириш, ҳукумат ва жамият ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш каби устувор йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланди.

Франциялик экспертлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ўзгаришларни мамнуният билан қайд этар экан, Тошкентнинг Марказий Осиёда ишонч, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муҳитини яратиш бўйича саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Бой маданият, улкан сиёсий ва иқтисодий салоҳиятга эга Ўзбекистон минтақавий тараққиётнинг етакчи кучига айланишига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси ўзининг вазмин, очиқ ва конструктив ташқи сиёсати туфайли нафақат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамламоқда, балки халқаро имиджини ҳам юксалтирмоқда. Шу маънода, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган, жумладан, Афғонистон муаммосига янгича назар билан қараш имконини берган минтақавий ва халқаро ташаббуслар алоҳида қайд этилди.

Мезбонлар Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги сиёсий мулоқот юксак даражага чиққани ҳамда турли соҳаларда икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда юқори суръат кузатилаётганини таъкидлади.

Шу муносабат билан Париж Президент Шавкат Мирзиёевнинг бўлажак ташрифига катта умид боғламоқда. Бунда савдо-иқтисодий соҳада аниқ натижаларга эришишга биринчи галдаги вазифа сифатида қаралмоқда. Франциялик экспертлар олий даражадаги музокаралар мамлакатларимиз муносабатларида янги саҳифа очишига ишонч билдирди.

Давра суҳбати якунида Ўзбекистоннинг етакчи тадқиқот марказлари билан Европада истиқбол ва хавфсизлик институти, Франция Маъмурият миллий мактаби ва «Евроконтинент» таҳлил маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

 

ЎзА