Президент Ҳиндистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Деҳли шаҳрида ўзи учун ажратилган қароргоҳда Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сушма Сваражни қабул қилди.
Нью-Деҳли, 1 октябрь.
ЎзА махсус мухбири Матназар Элмуродов хабар қилади
Мулоқотда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Жорий йилда томонларнинг интилиши натижасида ўтказилган учрашувлар, қатор делегациялар алмашувлари давлатлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани юқори баҳоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ҳиндистонга мазкур давлат ташрифида Свараж хонимнинг хизматлари катта эканини қайд этар экан, олий даражадаги учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстликка асосланган муносабатларда янги даврни бошлашга, икки томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Суҳбат чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестиция, инновация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Олий даражадаги музокараларда муҳокама этиладиган халқаро ва минтақавий сиёсатнинг томонларни қизиқтирувчи долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Президентимизнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи давом этмоқда.
ЎзА