Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 27 сентябрь куни ушбу мамлакатга ташриф буюрди.
Душанбе халқаро аэропортида Президентимизни Тожикистон Республикаси Президенти кутиб олди.
Президентлар Душанбе шаҳрида икки томонлама учрашув ўтказди. Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни ташриф билан самимий қутлаб, ушбу учрашув олий даражадаги доимий мулоқотларнинг изчил давоми эканини таъкидлади.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг сиёсий иродаси туфайли кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида Тожикистонга, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг август ойида Ўзбекистонга давлат ташрифлари тарихий воқеа бўлди.
Давлат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари нафақат Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларда томонларнинг қарашлари ўхшашдир. Турли даражадаги делегациялар алмашувлари, ҳудудлар ўртасидаги алоқалар фаоллашди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил 7 март куни Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида ўзбек ва тожик халқларининг буюк мутафаккирлари – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга ҳайкал ўрнатилган эди.
Ана шу эзгу ташаббусга жавобан Душанбе шаҳрида Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи барпо этилиб, унда икки буюк сиймонинг ҳайкали қад ростлагани халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир ифодаси бўлди.
Президентимизнинг ташрифи доирасида мазкур янги боғ ҳамда Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийга ўрнатилган ҳайкалнинг очилиш маросими бўлди.
Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ушбу икки буюк мутафаккир ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғининг умумий майдони 2 гектардан зиёд. Боғда ташриф буюрувчилар учун барча шароит ва қулайлик яратилган. Ўриндиқлар ёнида китобхонликни тарғиб этувчи ҳайкалчалар ўрнатилган. Ота ва ўғил, Она ва қиз, Бобо ва набира сиймолари акс этган ушбу санъат асарлари ҳар қандай инсонни китобга ошно бўлишга ундайди.
Президент Шавкат Мирзиёев Президент Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида Турсунзода шаҳрига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон шарафига йўл бўйлаб кўчалар байрамона безатилган, Ўзбекистон ва Тожикистон байроқлари, паннолар ўрнатилган.
Шаҳарга кираверишда минглаб одамлар давлатимиз раҳбарини катта хурсандчилик, тантана билан кутиб олди. Миллий куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди.
Ўзбекистон Президентининг қўшни давлатлар билан очиқлик, ҳамкорлик ва бағрикенглик сиёсати барча тожикистонликлар қатори Турсунзода аҳолисига ҳам катта қувонч бағишлаган. Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган Давлат чегараси бўйича шартнома ҳамда Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисида битим халқларимиз ҳаётида улкан аҳамиятга эга бўлди. Чегарадан ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тиклангани, борди-келди учун 30 кунгача визасиз тартиб жорий этилгани, автобус ва самолёт қатнови йўлга қўйилгани одамларга кенг қулайликлар яратмоқда.
Президентлар Турсунзода шаҳридаги “Талко” давлат унитар корхонасига ташриф буюрди.
Ушбу завод дунёдаги энг йирик алюминий ишлаб чиқарувчи корхоналардан биридир. 2007 йили завод «Тожикистон алюминий компанияси» (Талко) давлат унитар корхонасига айлантирилган. Бу ерда йилига 105 минг тонна бирламчи алюминий ишлаб чиқарилади ва асосан экспортга йўналтирилади. Бундан ташқари, 70 дан ортиқ турдаги истеъмол товарлари тайёрланади. Айни пайтда заводда 8 мингга яқин киши меҳнат қилади.
Давлатимиз раҳбари алюминий хомашёсини қуйиш жараёни ва тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди.
Ўзбекистоннинг «Крантас групп» масъулияти чекланган жамияти билан Тожикистон алюминий компанияси ҳамкорлигида жорий йил июль ойида ташкил этилган «Талко-Крантас махсус техникалар заводи» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Тожикистон қўшма корхонаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур корхонада автокранлар, трактор прицеплари, яримтиркамалар ва бошқа махсус техника воситалари ишлаб чиқарилади. Бутловчи қисмлар Ўзбекистондан келтирилиб, Тожикистонда йиғилади.
300 минглик Турсунзода шаҳри аҳолисининг қарийб ярми ўзбеклардир. Шаҳар атрофидаги деҳқон хўжаликлари асосан узумчилик билан шуғулланади. Узумзорлар Фарғонанинг Бешариқ ёки Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги токзорларни эслатади.
Турсунзода туманидаги “Боғи сомон” деҳқон хўжалиги раҳбари Камол ҳожи Мадумаров асли олтиариқлик уста деҳқон фарзанди. У ота касбини давом эттириб, элда обрў топган. Хўжалик узумзори 500 гектар. 1 минг 100 ишчи меҳнат қилаётган хўжаликда узумнинг «Ҳусайни», «Ризамат», «Каттақўрғон», «Келин бармоқ» каби 7 хил нави етиштирилади. Маҳсулотнинг 70-80 фоизи экспорт қилинади. Хўжаликнинг 1 минг 200 тонналик совуткичли омборхонасида айни пайтда ҳосилни жамлаш ишлари авжида.
Президентлар мазкур совуткичли омборхона билан танишиб, хўжалик узумзорларида бўлди. Шавкат Мирзиёев Камол ота Мадумаровга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган «Captiva» автомашинасини совға қилди. Давлатимиз раҳбари шу тумандаги «Ватан» деҳқон хўжалигида бўлиб, унинг раҳбари Неъмат ҳожи Усмоновга ҳам «Captiva» машинасини туҳфа этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистон Республикасига ташрифи давом этмоқда.
Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этади.