Олий Мажлис Сенатида жисмоний ва юридик шахслардан келаётган мурожаатлар билан тизимли, самарали ишлаш зарурлигига эътибор қаратилди.
Лекин бу борада ҳамон эски қолиплардан бутунлай воз кеча олинмаётгани мажлисда танқид қилиниб, қўмиталар мурожаатлар таҳлиллари асосида режадан ташқари назорат тадбирларини деярли ўтказмаётгани айтилди.
Оқибатда одамлар у ёки бу соҳадаги, ҳудуддаги бир хил муаммолар юзасидан такрор-такрор мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Сенат раиси Н.Йўлдошев бундан буён ҳар бир қўмитага шундай талаб қўйилишини маълум қилди: ҳар чоракда мурожаатлар таҳлиллари асосида камида битта назорат тадбири ўтказиши ёки сенатор сўрови, зарур бўлса, парламент сўрови юборилиши шарт.
Сенат аъзоларининг оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўйича фаолияти кейинги пайтларда бирмунча жонланган. Чиқишларда ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан айрим ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда.
Бироқ, замонавий ахборот-коммуникация воситалари орқали кенг жамоатчилик билан мулоқотга киришишда аксарият сенаторлар сусткашликка йўл қўймоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда мамлакатимиздаги ислоҳотларга, уларда парламент аъзоларининг иштирокига нисбатан асоссиз, бўҳтон ва уйдирмаларга ўз вақтида факт ва далиллар асосида муносабат етарли даражада билдирилмаяпти.
Бу имкониятлардан сенаторлар унумли фойдаланса, халқ билан бевосита мулоқотга киришса нафақат ўз фаолияти билан аҳолини таништирган, балки айрим муаммолардан вақтида хабардор бўлган, улар ечимига вақтида киришган бўларди.
Н.Абдураимова, ЎзА