Қорақалпоқ диёрининг маркази – Нукус шаҳридан 150 чақирим узоқликда кўҳна Элликқалъа тумани жойлашган.
Бу заминда милоддан олдинги даврларда қадимий Калтаминор, Сувёрғон, Амиробод маданиятлари шаклланишига хизмат қилган Тошхирмон, Жонбосқалъа, Оқчахон, Гавхура каби бир замонлар гуллаб-яшнаган воҳалар бўлган. Тарих талотўплари сабаб ушбу жойлар дастлаб араблар, кейин мўғуллар босқини, турли табиий офатлар натижасида вайронага айланиб, қумлар остига кўмилган. Ҳа, қумлар остига…
Қадимдан кўҳна Хоразм цивилизациясининг бир бўлаги бўлиб келган бу ерларнинг остида бутун халқ, миллат тарихи ётган бўлса, эҳтимол. Шоир бежиз ёзмаган экан:
Хоразмни қазсангиз агар,
Ер остидан дарёлар чиқар.
Хоразмни қазсангиз агар,
Ер остидан дунёлар чиқар.
Аввал йўлдош, кейин йўл, деганларидек, яхши суҳбатдош билан йўл танобини тортса бўлади. Ахир чор тараф ҳайҳотдай чўл. Қизил-қўнғир тупроқ бағрида шовиллаб ётган пушти-сариқ янтоқ ва қум барханлари жамики кенгликни қоплаб олгандай. Қизилқум бағридаги “Бўстон”га етиш учун 50 та қалъани босиб ўтмоқ керак. “Бўстон” шаҳрини эллик биринчи қалъа, дейишлари ҳам бежиз эмас.
* * *
– Йўл бўлсин, меҳмон, – дейди йўлдошим.
– Элликқалъанинг “Бўстон”ига кетаяпман. Ўқитувчига қўйилган ҳайкал бор, деб эшитаман. “Устозга эҳтиром”. Сиз билмайсизми?
Йўлдош елка қисади.
– Қайдам, эшитмаган эканман.
Афтидан, савдогар бу йигит мендан тужжорликка оид нималарнидир сўрамоқчи бўлди. Нўноқлигимни билгач, яна ўша ҳайкал мавзусига қайтдик.
– Қандай ҳайкал экан у? “Бўстон”ни беш қўлдай биламан, аммо ҳайкални эслай олмадим.
Тўғри, дунёда турли муносабатлар билан барпо этилган майдонлар, хиёбонлар, улуғ шахсларга қўйилган ҳайкаллар кўп. Аммо устоз ва мураббийларга бағишлаб ўрнатилган ҳайкал ҳам, майдон ҳам битта. У ҳам бўлса “Бўстон”да.
Машинада ўтирган тўрт чоғли киши менга кўз ташлаб қўйди.
– Ични қиздирмай давоминиям айтинг-да, меҳмон.
– Хоразмда бир шоир ўтган. Матназар Абдулҳаким. Унинг “Дарсдан сўнг…” деган шеъри бор. Маъноси шундай, бир ўқитувчи мактабга узоқ қир оша қатнайди. Қош қорайгач, эри уни олиб кетар эди. Ўшандай кунларнинг бирида, муаллим уй вазифасини топширмаган етти ўқувчини қаттиқ койийди. Эртага қайта текшириш шарти билан, бир қучоқ дафтарни қўлтиқлаб, уйига қайтмоқчи бўлади. Оқшом чўккан, аммо негадир эридан дарак бўлмайди. Ҳамкасблари қолинг, деб қистаса ҳам йўлга отланади. Ярим йўлдан ўтгач, ортидан қашқир таъқиб қилаётганини сезади. Бўрининг оловдан қўрқишини билган ўқитувчи шартта бир дафтарни ёқиб, ортига ташлайди. Овулга етар чоғи муаллимда дафтар, бўрида тоқат қолмайди. Уч-тўрт дафтар бўлса бас, ўқитувчи уйига етар эди, аммо барибир мудҳиш воқеа содир бўлади. Азада дафтар топширмаган етти ўқувчи ҳаммадан ҳам ёмон йиғлаган экан.
Йўлдошларимнинг ҳайратини ошириб, буни шеър қилиб, ўша – дафтар топширолмай қолган етти ўқувчидан бири ёзган, дейман…
“Эҳ…” хўрсиниб қўйди ҳайдовчи. Чатоқ бўлган экан, деди шериклар.
– Қайси шоир дедингиз, китобини қаердан олсам бўлади, – сўрай кетди савдогар йигит. Шу он негадир бир кўнгилга шеър завқини сола олганимдан хурсанд бўлиб кетдим.
* * *
Ниҳоят ўша ҳайкал қаршисидаман. Ҳа, бу ўша аёл. Бир қулоч дафтар қўлтиқлаб, қашқир таъқибидан қочаётган аёл. Гўё зулмат ва ваҳшийликларга чап бериб, бир тутам зиёни келажакка элтиб бораётган муаллима…
Унга теранроқ тикиламан. Устоз шогирдининг елкасига оҳиста қўл ташлаб, ёруғ юз билан узоқларга боқади. У сабоқ берган болалар бугун қаерлардадир оламшумул ишлар билан банддир, буни аниқ айтолмайман. Билганим шуки, дафтар топширмаган етти ўқувчидан бири бугун ўзбекнинг машҳур шоири, фахри…
…Бу гўзал мажмуанинг ташаббускори ким? Қайси дарёдилки, шеърдан бунчалар таъсирланиб, хотира майдони барпо этишгача борган? Сўраб-суриштириб билдимки, “Бўстон”нинг ўша йиллардаги ҳокими Неъматулла Худойберганов бу ишга бош қўшган. Доим ижодкор ва олимлар даврасида юришни хуш кўрган бу инсон ҳозирда Тўрткўл тумани ҳокими экан. У кишини-да топдик, суҳбатлашдик.
Неъматулла Худойберганов, Тўрткўл тумани ҳокими:
– 2001 йил эди. “Бўстон”даги кўплаб ижодий учрашувларга Абдулла Орипов, Эркин
Воҳидов, Омон Матчон, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф, Матназар Абдулҳаким, Ошиқ Эркин каби ижодкорлар бош-қош бўларди. Гуррос-гуррос шеърларнинг нашъаси ёдимда. Шундай давралардан бирида шеър ўқиш навбати раҳматли Матназар акага келди. Шоир бироз ўйлаб турди-да, биринчи ўқитувчимга бағишланган шеърни айтсам, деди. Маъқулладик. Оға шеърни шу даражада таъсирли ўқидики, кўзидан ёш чиқмаган одам қолмади. Давра анчагача бу таъсирдан чиқмай турди. Матназар оғанинг қўлларидан шеърни олдим-у, хазина топгандай бўлдим.
Ҳаммамизга устоз аввало ота-онамиз, сўнгра ўқитувчимиз. Шуларнинг ҳаққи-ҳурмати “Устозга эҳтиром” деб аталган хотира майдони очсак. Хиёбон ичида шу шеър қаҳрамонига атаб ҳайкал ўрнатсак, деган таклифни ўртага ташладим. Бу ташаббус Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповга ҳам маъқул келди. 2002 йилгача бир чангалзор ерни ҳашар йўли билан обод қилиб, ёшлар хиёбонига айлантирдик. Сиз кўрган ҳайкал ўша ерда қад ростлади.
Яхши эслайман. Хиёбоннинг очилиш маросимига ташриф буюрган Абдулла Орипов йиғилганларга қарата: – Мен шунча юрт кезиб, муаллимга, шеърга қўйилган ҳайкални Элликқалъада – “Бўстон”да кўрдим, – деган эди.
Шундан буён ушбу хотира майдонига тез-тез ташриф буюрилиб, ҳайкал пойига гуллар қўйилади.
Бу воқеага ҳам 16 йил бўлибди. “Дарсдан сўнг…” шеъри ҳақиқий маънодаги тарбиячи. Уни ўқиган, ундаги қаҳрамонлик ва фожиани ҳис қилган кишининг нафақат шеъриятга, устозларга ҳам ҳурмати, меҳри ошади.
…Кўнглим тоғдай кўтарилди. Мамлакатимизда, хусусан, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, устоз ва мураббийларга кўрсатилаётган эҳтиромдан ғурурландим. Асли ҳар биримизнинг хизматимиз дарсдан сўнг бошланади. Ҳаёт, шубҳасиз, муаллим – ўқитаверади, ўқитаверади. Энг муҳими, биз унда қандай таҳсил олдик, уй вазифаларини вақтида бажардикми, муаллимга топшира олдикми? Ҳамма гап шунда…
Тошкент – Элликқалъа – Тошкент.
ЎзА
Бобур Элмуродов, ЎзА