“Сенаторлар коррупцияга қарши курашишнинг олдинги сафида бўлиши шарт” (Онлайн)

Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳақида фикр юритилди. 
Сенат раиси Н.Йўлдошев давлат хизматчилари, ҳатто масъулиятли лавозимлардаги амалдорлар томонидан содир этилаётган коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг фош этилаётгани ҳақидаги хабарлар оммавий ахборот воситаларида тез-тез эълон қилинаётганига эътибор қаратди.
Айниқса, муайян ҳудуд тақдири ишониб топширилган айрим ҳокимлар жиноят содир этаётгани ташвишли ҳолдир.
Ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволдан, маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарларининг қонунга зид фаолиятидан халқ вакили бўлган жойлардаги сенаторларнинг бехабар қолиши ёки бундай ҳолатга эътиборсизлиги эса бундан ҳам аянчлидир.
Шу боис, бир сўз билан айтганда, ҳар бир сенатор коррупцияга қарши курашишнинг олдинги сафида бўлиши шарт.
Жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича сенаторларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳар бир қўмита ва комиссиянинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолаверади.
Ўз навбатида, хавфсизликни таъминлаш, шунингдек ички ишлар органларида бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилиши устидан парламент назоратини амалга оширишга эътибор қаратиши лозим.
Бундан буён давлат ва жамият ривожига ижобий таъсир кўрсатмайдиган умумий тусдаги қонунларни маъқуллаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади.
Ривожланган хорижий давлатлар парламентлари тажрибасини инобатга олган ҳолда қонунларни муҳокама қилиш жараёнида тегишли вазирлик ва идораларга юзага келган масалалар юзасидан парламент сўровларини юбориб, улар юзасидан бевосита ялпи мажлисларда эшитувларни ўтказиб бориш йўлга қўйилади.
Сенат аъзоларининг давлат бюджетини шакллантириш жараёнидаги иштирокини кучайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бунда бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар режасидан орттириб бажарилган қисмининг вилоятлар ва туманлар мустақил тасарруф этишини амалда таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Айниқса, жойларда ўтказиладиган назорат тадбирларига маҳаллий Кенгашлар депутатларининг иштирокини сўзсиз таъминлаш шарт. Маҳаллий Кенгашлар қарорлари ижроси юзасидан назорат олиб боришда ҳудудлардан сайланган сенаторлар уларга амалий ёрдам кўрсатиши керак.
Мажлисда ҳар бир сенатор ўз ваколатларини сўзсиз амалга ошириши, энг муҳими, халқни рози қилишдек эзгу мақсад рўёби йўлида барча имкониятларни ишга солиши зарурлиги қатъий таъкидланди.

 

Норгул Абдураимова,ЎзА