Янги сайлов кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида

Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 110-мактабда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарининг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Шунга мувофиқ, депутатлар, сенаторлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, экспертлар ва олимлар иштирокида Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнида сайлов қонунчилиги инвертаризация қилиниб, 20 га яқин хорижий давлатнинг сайлов қонунчилиги тажрибаси ўрганилди. Таклиф этилаётган лойиҳа 2 қисм, 18 боб, 100 моддадан иборат бўлиб, унда сайловчининг овоз беришини назорат қилишга йўл қўймаслик, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилган.
– Сайлов кодексини яратишдан асосий мақсад фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмини такомиллаштириш, сайлов қонунчилигини тизимлаштириш, унификациялаш, сайлов ҳуқуқ нормаларини таъминлаш ва очиқлигининг кафолатларини кучайтиришдан иборат, – деди халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши депутати Б.Шарипов. – Сайловларни давлат томонидан молиялаштириш муҳим халқаро стандартлар талабларидан бири саналади. Шу боис лойиҳанинг 17-боби сайловларни молиялаштиришга бағишланган бўлиб, унда сайловларни давлат томонидан молиялаштириш, сайлов комиссиялари ва сиёсий партияларни молиялаштириш масалалари тартибга солинган. Лойиҳада кўзда тутилган меъёрларга асосан номзодлар ва сиёсий партияларни чет давлатлар, чет эл жисмоний ва юридик шахслари, халқаро ташкилотлар томонидан моддий қўллаб-қувватлаш тақиқланади. Ҳомийлик қилмоқчи бўлган сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, корхона, ташкилот, муассаса ва фуқаролар ўз маблағларини Марказий сайлов комиссиясига ихтиёрий равишда ўтказиши мумкинлиги ва бу маблағлар сайлов жараёнида барча сиёсий партия ва номзодлар ўртасида тенг тақсимланиши инобатга олинган.
Йиғилишда Сайлов кодекси лойиҳаси мазмун-моҳиятини жамоатчилик ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА