Тожикистон пойтахтида Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи очилди

Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида Душанбе шаҳрида янги очилган боғ билан танишиб, Нуриддин Абдураҳмон Жомий ва Низомиддин Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этди.

Душанбе, 27 сентябрь. 

ЎзА махсус мухбири Алоуддин Ғаффоров хабар қилади. 

Ўзбек ва тожик – бир дарёдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олиб, ҳаётнинг барча иссиғу совуғини бирга тотиб келаётган, жондош, қондош, ҳаммаслак халқлардир.

Президент Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган аввало яқин қўшнилар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга асосланган сиёсат замирида нафақат Ўзбекистон манфаатини ҳимоя қилиш, балки икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш ва янада мустаҳкамлашдек эзгу мақсад мужассам.

Президентимиз ташаббуси билан жорий йил 7 март куни Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида ўзбек ва тожик адабиётининг икки буюк мутафаккири – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари ўрнатилган эди. Давлатимиз раҳбарининг ана шу эзгу ташаббусига жавобан Душанбе шаҳрида Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи барпо этилиб, унда икки буюк сиймо ҳайкали очилгани халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин ифодасидир.

Президентлар Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, даҳолар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

1db6d94a-8f84-f41e-e34d-726c102d602c.jpg
8525fec9-698e-6155-8589-c88415431259.jpg

 

ЎзА