МДҲ –​ Ўзбекистон ташқи сиёсати учун муҳим аҳамиятга эга​

Ўзбекистон ташқи сиёсати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган халқаро минтақавий интеграцион тузилмалардан бири – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳисобланади. Мазкур тузилма бугунги кунга қадар анча мураккаб бўлган шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтди. У постсовет маконида бирлаштирувчи омил сифатида халқаро муносабатларда ўз ўрнига эга бўлган тузилмага айланди. 
Бундан 27 йил муқаддам жаҳонда муҳим геосиёсий ҳодиса юз берди: Совет Иттифоқи дея аталмиш империя емирилди ва собиқ иттифоқдош республикалар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) тузишга қарор қилишди.
1991 йилнинг 8 декабрь куни Россия, Белоруссия (Беларусь) ва Украина раҳбарлари СССР тарқатилгани ва МДҲ ташкил этилгани тўғрисидаги Келишувни имзолашди. Имзоланган мазкур ҳужжат преамбуласида шу дақиқадан бошлаб СССР деган давлат халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида фаолиятини тўхтатгани таъкидланади. 1991 йил 13 декабрь куни Марказий Осиёдаги бешта республика раҳбари Ашхободда учрашади. Улар тенг ҳуқуқлик асосида таъсисчи сифатида янги тузилмага киришга рози эканликларини билдиришди. Шундан сўнг Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев масалани муҳокама қилиб, биргаликда қарор қабул қилиш мақсадида республикалар президентларини Олмаотага таклиф қилди. Олмаота учрашуви собиқ совет республикаларининг мустақил давлат сифатида қарор топиши йўлида муҳим давр бўлди.
1991 йилнинг 21 декабрь куни Олмаотада Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдавия, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина раҳбарлари томонидан МДҲ ташкил этилгани тўғрисидаги Келишув Протоколи ва Олмаота декларация қабул қилинди. Олмаота учрашуви собиқ совет республикаларининг мустақил давлатлар сифатида шаклланиши билан якунланди. Декларацияда республикалар суверенитетини тан олиниши ва чегаралар ўзгармаслиги таъкидланади ва МДҲ иштирокчилари ўртасидаги муносабатлар тенг ҳуқуқлилик асосида мувофиқлаштирувчи институтлар томонидан амалга оширилиши қайд қилинди.
МДҲ – 11 та давлатни ўз атрофида бирлаштирган давлатлараро минтақавий ташкилотдир. Шундан 9 таси аъзо, биттаси (Украина) – иштирокчи давлат мақомида, биттаси (Туркманистон) Ассоциялашган аъзо мақомига эга.
Низомга кўра, аъзо давлатлар МДҲ Низоми қабул қилинганидан сўнг бир йил давомида аъзо бўлган мамлакатлар ҳисобланади. Ҳамдўстлик Низоми 1993 йил 22 январда қабул қилинган. Ўшанда Низомни Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон имзолаганди. Ўша йили Низомга Озарбайжон ва Грузия,1994 йилда эса Молдавия қўшилди. МДҲ Низомини ратификация қилмагани боис Украина ва Туркманистон тўлақонли аъзо ҳисобланмайди. 1991 йил декабридан бери Украина иштирокчи давлат мақомига эга. Туркманистон 1991 йил декабрдан 2005 йил августига қадар иштирокчи давлат бўлди, 2005 йил августидан бошлаб эса – ассоциялашган аъзо мақомига эга. Бу мақом ташкилотнинг айрим фаолиятида иштирок этишни истаган давлатга берилади.
Давлат раҳбарлари Кенгашига барча аъзо давлат раҳбарлари кирган. МДҲ Ижроия қўмитасининг қароргоҳи Минск (Беларусь)да жойлашган.
МДҲ органларига аъзо давлат вакиллари томонидан навбатма-навбат ротация асосида бир йил раислик қилинади. Айни дамда МДҲга Тожикистон раислик қилади.
Ҳамдўстлик Низомига кўра, ташкилот мақсад ва принципларига рози бўлган, Низомда акс этган мажбуриятларни ўз зиммасига олган ҳар бир мамлакат МДҲга аъзо бўлиши мумкин, унинг аъзолигини барча аъзо давлатлар қўллаб-қувватлаши керак. Низомнинг 9-моддасига кўра ҳар бир аъзо давлат Ҳамдўстликдан чиқиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун эҳтимолий чиқиш санасидан 12 ой аввал ёзма равишда огоҳлантириши керак. Ҳозирча МДҲ сафларидан чиқиш борасидаги ҳуқуқдан биргина Грузия фойдаланди. Украина эса чиқиши борасида баёнот берди. МДҲ мустақил давлатлардан юқори турувчи ташкилот эмас.
Илк йилларда ташкилот ташкилий масалалар билан машғул бўлди. МДҲ давлат раҳбарларининг биринчи учрашуви 1991 йилнинг 30 декабрь куни Минскда бўлиб ўтди. Учрашувда “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари Кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари Кенгаши тўғрисидаги Муваққат Келишув” қабул қилинди ва ташкилотнинг юқори органи тасдиқланди. Унга кўра, ҳар бир давлат битта овозга эга эканлиги, қарорлар эса консенсус асосида қабул қилиниши кўрсатиб ўтилган. Шунингдек “МДҲ Давлат раҳбарлари Кенгашининг Қуролли кучлар ва Чегара қўшинлари тўғрисидаги Келишуви” имзоланди. Унга кўра, ҳар бир иштирокчи давлат ўзининг Қуролли кучларига эга бўлиши қайд қилинади. Ташкилий жараён 1993 йилда Минскда 22 январь куни МДҲнинг Низоми қабул қилиниши билан якунланди.
МДҲ Ижроия котибияти 1993 йил 14 май куни ташкил этилди. Унга қадар котибият вазифасини Мувофиқлаштирувчи Маслаҳат Қўмитаси бажариб турган.
Ташкилотнинг ўтган йили Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон МДҲ фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйганлигини алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ҳамдўстлик ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини тўлиқ исботлаганини таъкидлаб ўтди.
Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги кунда ташкилотни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, унинг халқаро нуфузини муттасил ошириб бориш зарурлиги ҳақида аниқ тасаввур мавжуд. “Бу борада Ўзбекистон ўз ёндашувларини жиддий мақбуллаштириш ва МДҲ фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйган. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш “майдони“ эмас. Бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир. Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир”, дея таъкидлади Ўзбекистон президенти.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси миллий координатори мақомини ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосари даражасига кўтаришга қарор қилди. Шунингдек, Ўзбекистон МДҲ Иқтисодий кенгашидаги иштирокини қайта тиклади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги ҳуқуқий базаси ва ҳамкорлиги ҳолатини тубдан қайта кўриб чиқиш ва шу асосда уни кенгайтириш учун имкониятлар истиқболини белгилаб олишни режалаштирилгани борасида ҳам маълумот бериб ўтди.
“Биз бир қатор устувор йўналишлар бўйича аввало савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдормиз. МДҲнинг биз аввал иштирок этмаган тармоқ органлари фаолиятида иштирок этишга тайёрмиз. Бизнинг пировард мақсадимиз – Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлигини фаоллаштириш бўйича “Йўл харитаси“ни ишлаб чиқишдир”, дея қайд этди давлатимиз раҳбари. Буларнинг барчаси муносабатларимизда принципиал жиҳатдан янги саҳифа очишига, кенг кўламли ва самарали шерикликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади.
Ўтган 27 йил давомида Ўзбекистонда бирор марта ҳам МДҲ саммити ўтказилмаган. Мана шуни эътиборга олган ҳолда Шавкат Мирзиёев саммит иштирокчиларига мурожаат қилар экан, “Сизлар қўллаб-қувватласангиз, биз 2020 йилда Ҳамдўстликка раисликни қабул қилиш ва навбатдаги Саммитни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз”, деди.
Президентимиз МДҲда Ўзбекистон иштирокининг устувор йўналишларини алоҳида қайд этиб ўтди:
Биринчидан, биз Ҳамдўстлик маконида ҳеч қандай истисно ва чекловларсиз тез фурсатда тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантиришнинг тарафдоримиз.
Ўзбекистон МДҲга аъзо мамлакатлар билан савдо, инвестиция, инновация ва молия соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор. Биз венчур лойиҳалар ва иқтисодий зоналарни биргаликда ривожлантиришга тайёрмиз.
Иккинчидан, транспорт ва коммуникациялар соҳаси, МДҲ маконида самарали интеграциялашган транспорт тизимини ривожлантириш, минтақамизнинг улкан транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш стратегик муҳим йўналишдир.
Маъмурий тартибот ва регламентларни такомиллаштириш, юк ташувлари ва транзит учун ўзаро преференциялар тақдим этишни бу борадаги ишларнинг муҳим жиҳатлари, деб ҳисоблаймиз.
Учинчидан, амалий илмий-техник ҳамкорлик ва таълим соҳасидаги алмашинувни кенгайтиришга ҳамкорликдаги ҳаракатларимизнинг устувор йўналиши сифатида қараймиз.
Тўртинчидан, туризм соҳасида катта истиқболлар мавжуд.
Бешинчидан, биз ҳарбий-техник соҳадаги кооперация даражасини ошириш, мамлакатларимиз ўртасидаги мавжуд шартнома ва битимлар доирасида қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқишдан манфаатдормиз.
Олтинчидан, барча бунёдкорлик режаларимизни фақат тинчлик ва барқарорлик шароитида, хавфсизликка таҳдид солувчи замонавий хавф-хатарларга ўз вақтида жавоб қайтариш орқали рўёбга чиқариш мумкинлиги аён ҳақиқатдир.
Шу муносабат билан жиноятчилик, терроризм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва одам савдосига қарши муросасиз курашиш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар йўналишидаги ҳамкорлик муҳим амалий аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Россия, Марказий Осиё мамлакатлари ва МДҲнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликда Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича кўмаклашишга тайёрлигини билдиради.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА