​ОНЛАЙН: Сенат ялпи мажлиси ўз ишини бошлади

Бугун, 2018 йил 27 сентябь, соат 10:00да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Мажлисда сенаторлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати раиси Н.Йўлдошев очиқ деб эълон қилди.
Мажлис кун тартибига 21та масала киритилган бўлиб, шундан 14таси қонунлардир. Улар орасида “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги каби янги қонунлар ҳам бор.
Мажлис давомида 2018 йилги Давлат бюджети харажатларига, Олий суд таркибига ўзгартириш киритилиши кутилмоқда.
Мажлисда қишлоқ хўжалигида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш ҳамда мазкур соҳадаги норасмий бандлик масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.Қўчқоровга парламент сўрови юбориш ҳақида, Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимовнинг ахборотини эшитишга оид масалалар ҳам кун тартибидан жой олган.
Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар моҳияти ҳақида батафсил маълумот бериб борамиз. Сайтимизни кузатиб боринг!

 

Норгул Абдураимова, ЎзА