Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ёшлар ҳуқуқи: амалиёт ва халқаро тажриба” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, сиёсий партияларнинг ёшлар қанотлари фаоллари, талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самара бераётгани таъкидланди.
Жорий йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам кенг нишонланади. Президентнинг 2018 йил 5 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармони ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизими янада мустаҳкамланишида муҳим асос бўлди.
Ўзбекистон мазкур декларация асосида қабул қилинган халқаро конвенцияларга қўшилиб, инсон ҳуқуқи соҳасида умумэътироф этилган тамойилларга содиқлигини намоён этди. Бу саъй-ҳаракатлар, айниқса, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғоя асосида янада ривожлантирилди.
Давра суҳбатида юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга оширишга қаратилган кенг кўламдаги ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар ҳамда Президентимизнинг фармон ва қарорларининг мазмун-моҳияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борадаги қонунчиликнинг жойлардаги ижросини таъминлашда амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди. Ёшлар ҳуқуқларини таъминлашда қатор мамлакатларнинг ёндашуви ҳамда умумэътироф этилган халқаро мезон ва тажрибалар тадбирда қизғин муҳокама этилган масалалардан бири бўлди.
Мутахассислар томонидан ривожланган давлатларда ёшлар ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, бу борада эришилаётган ижобий натижалар таҳлил қилинди. Ёшларнинг парламент қуйи палатасининг норма ижодкорлиги, қабул қилинаётган янги қонунлар мазмун-моҳияти ҳамда қонун лойиҳалари устида ишлаш жараёнлари, Ёшлар масалалари бўйича комиссия фаолияти юзасидан берган саволларига батафсил жавоб берилди.