Ўзбекистон Республикаси Олий судининг янгиланган расмий веб-сайти ишга туширилди. Унда фуқаролар ва юридик шахслар учун янги интерактив хизматлар жорий этилган. Энг муҳими, сайт орқали суд мажлисларининг онлайн трансляцияси жорий этилади. Бу соҳа шаффофлигини таъминлаб, адолат барқарорлигига хизмат қилади.
Президентимиз ғояси ва ташаббуси билан амалга жорий этилаётган бундай тизим бошқа мамлакатларда ҳали мавжуд эмас.
Суд мажлисларининг онлайн трансляцияси бу – реал вақт режимида Олий суднинг веб-сайти орқали суд мажлисларини бевосита тўғридан-тўғри кузатиш имкониятидир. Мазкур тизим суд мажлисларининг ҳақиқий очиқлигини таъминлаш билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига хизмат қилади.
Суд мажлисларининг онлайн трансляцияси, албатта, фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаган ҳолда ва суд иштирокчиларининг розилиги билан амалга оширилади.
Ҳозирда тизим синов тариқасида Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларидаги 12 судга ўрнатилган ва ишга туширилган. Жорий йилнинг охирига қадар яна 22 суд, 2019 йилда эса 100 дан ортиқ судларда онлайн трансляция тизими жорий этилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судида янгиланган веб-сайт тақдимотига бағишлаб ўтказилган тадбирда шу каби янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбирда Олий суд раиси К.Комилов фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш орқали уларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамлар ташланаётганини таъкидлади.
Президентнинг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича Дастурининг амалий ижроси изчиллик билан таъминланмоқда.
Дастур асосида судлар фаолиятига жорий этилган суд фаолияти самарадорлигини оширадиган, суд жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайдиган, суд иштирокчилари учун қатор қулайлик ва имкониятлар яратган интерактив хизматлар яратилмоқда.
www.sud.uz, www.oliysud.uz ва www.supcourt.uz сайтлар замонавий технологияларнинг сўнги ютуқ ва имкониятларидан кенг фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқилди. Фойдаланувчилар сайт орқали жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлар ҳақида маълумотларни осон топиши мумкин. Барча маълумотлар ўзбек ва рус тилларида берилади.
Сайтдан суд тизими, ҳал этиладиган низолар, судлар фаолиятига доир статистик маълумотлар, судларга мурожаат қилиш тартиби, мурожаат қилинганда ундириладиган давлат божи ставкалари ва реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам ўрин олган.
Тадбир давомида фуқаролик ишлари бўйича судларнинг интерактив хизматлари тақдимотига ҳам ўрин берилди. Маълумки, E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими фуқароларга бир қатор қулайликлар яратиш билан бирга соҳа фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Эндиликда ушбу тизим орқали фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон мурожаат қилиш билан бирга, суд мажлисларининг жадвали, суд мажлисининг куни ва вақти ҳақида электрон хабардор бўлиш, барча суд қарорлари билан танишиш имконияти яратилди.
Сайтдан ўрин олган “Фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш намуналари” дунёнинг ҳеч бир суд тизимида мавжуд эмас. Айни пайтда сайтга фуқаролик ишлари бўйича даъво аризалари, илтимоснома ва аризалар, шунингдек, шикоятларнинг ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида жами 500 га яқин намуналари жойлаштирилган. Бу фуқароларнинг судларга мурожаат қилишида қулайлик яратиши шубҳасиздир.
Тадбирда иқтисодий судлар фаолиятига жорий этилган янги интерактив хизматлар тақдимоти ҳам ўтказилди. Эндиликда иқтисодий судларга электрон мурожаатлар юбориш, суд ҳужжатларини электрон олиш билан бирга мамлакатда фаолият кўрсатаётган барча иқтисодий судларнинг суд мажлислари жадвали билан танишиш, давлат божлари миқдорини электрон ҳисоблаш, судларга мурожаат қилишда ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларидаги даъво аризаларнинг намуналаридан фойдаланиш мумкин.
Марказлаштирилган электрон маълумотлар базаси яратилди. Тизим орқали ижро варақалари электрон шаклда юборилади ва суд ишлари судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимланади.
Тадбирда иштирок этган халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон давлатларининг элчилари, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларининг элчихоналари вакиллари, вазирлик ва идоралар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари янгиланган веб-сайт ва ундаги янги имкониятларга юқори баҳо берди.
Н.Абдураимова, ЎзА