Бинали Йилдирим: «Бу замин ўзбек халқи ва бизнинг ота юртимиздир»

Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдирим билан эксклюзив интервью.

Ҳурматли Раис жаноблари, аввало, Сизни Ўзбекистонда кўриб турганимиздан беҳад мамнун эканлигимизни билдирмоқчимиз. Юртимизга хуш келибсиз.

— Хуш кўрдик.

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатни ривожлантириш бўйича жуда катта ислоҳотлар олиб бориляпти. Етук сиёсатчи, давлат арбоби сифатида ушбу саъй-ҳаракатларни қандай баҳолайсиз?

— Дарҳақиқат, Ўзбекистон раҳбари ҳурматли Шавкат Мирзиёев жуда муҳим ислоҳотлар дастурини амалга оширмоқда. Биз буни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз ва юқори баҳолаймиз.

Мамлакатингиз етакчиси Президент сифатида фаолиятини бошлаган дастлабки кунларданоқ, Ўзбекистоннинг дунёга очилишини таъминлаш, иқтисодиётни, аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлида жиддий қарорлар қабул қилди. Ана шундай саъй-ҳаракатларнинг самараси сифатида, жумладан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқалар ҳам кучайди ва мустаҳкамланиб бормоқда. Бунда Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига, шу йилнинг 29 апрель — 1 май кунлари Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг Ўзбекистонга амалга оширган тарихий давлат ташрифлари катта туртки бўлди. Улар доирасида кечган учрашув ва музокаралар, эришилган аниқ келишувлар, имзоланган муҳим шартнома ҳамда битимлар ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Давлатларимиз иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, энергетика, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларни биргаликда ривожлантириш бўйича фаол иш олиб бораётир.

Бизнинг Ўзбекистонга ушбу ташрифимиз ҳам ўзаро муносабатларимизга, шубҳасиз, янги саҳифа бўлиб қўшилади. Ташрифимиз доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатида учрашувлар ўтказдик. Шунингдек, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA)нинг йирик лойиҳаларидан бири — тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган замонавий реанимобиллар ҳамда Давлат хизматлари агентлиги учун мўлжалланган мобиль автобусларни тантанали топшириш маросимида иштирок этдик.

Мамлакат раҳбари, ҳукумат аъзолари билан мулоқотлар қилдик.

Сафаримиз давомида Самарқанд ҳамда Бухоро шаҳарларини зиёрат қилишни ҳам режалаштирганмиз.

— Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркия Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ва Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисининг “Туркия — Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи тузилган. Уларнинг биринчи қўшма мажлисида амалий тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) имзоланганди. Режада кўзда тутилган чора-тадбирлар қандай олиб борилмоқда?

— Юқорида айтиб ўтганимдек, давлатларимиз ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қанча ҳужжатлар имзоланган. Парламент, хусусан, Туркия Буюк миллат мажлиси вакиллари сифатида бизнинг муҳим вазифаларимиздан бири ана шу шартномаларнинг амалий ифодасини таъминлаш йўлида фаол иш олиб боришдир.

“Йўл харитаси” доирасида парламентларимиз ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб боряпти. Ўтган қисқа давр мобайнида икки давлат олий вакиллик органлари делегациялари бир неча мартадан ўзаро ташрифларни амалга оширдилар. Бизнинг Ўзбекистонга келишимиз ҳам “Йўл харитаси”дан ўрин олган муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.

Асосий мақсадимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати билан Туркия Буюк миллат мажлиси ўртасида ўзаро мулоқотни янада жонлантириш, қонунчилик соҳасида билим ва тажриба алмашинувини кучайтиришдир. Бунда, албатта, Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисидаги “Туркия — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлари муҳим ўрин тутади.

Мазкур саъй-ҳаракатларнинг барчаси пировардида Ўзбекистон ва -Туркия ўртасидаги дўстлик кўпригининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Ўрни келганда бир нарсани айтиб ўтишни истардим. Келгуси ойда, аниқроғи, 8 — 11 октябрь кунлари Туркияда Евросиё парламентлари раҳбарларининг мажлиси бўлиб ўтади. Унда 35 парламент раҳбари, элчилар, нуфузли меҳмонлар қатнашиши кутиляпти. Хусусан, Ўзбекистон парламенти вакиллари ҳам иштирок этади. У йирик анжуман бўлиб, минтақавий ва миллатлараро масалалар муҳокама қилинади. Ана шу мажлисда Ўзбекистоннинг қатнашишини биз жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.

— Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида нималар дея оласиз?

— Давлатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми айни пайтда 2 миллиард долларга ҳам етмайди. Агар бугунги кунда Туркияда 81 миллион, Ўзбекистонда қарийб 33 миллион, қўшиб ҳисоблаганда 114 миллион аҳоли истиқомат қилишини инобатга олсак, бундай катта нуфус, салоҳият учун ҳозирги натижа, албатта, жуда кам.

Тўғри, кўрсаткичларимиз ўтган йилдан эътиборан орта бошлади. Масалан, 2017 йилда ўзаро савдо 20 фоиз ўсган бўлса, бу йил 30 фоизга кўпайиши кутиляпти. Биз кўзлаган марралар эса анча юксак. Жумладан, яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард, ўрта ва узоқ истиқболда 5 миллиард, ҳатто 10 миллиард долларгача етказиш ниятидамиз. Бунинг учун имкониятларимиз етарли. Чунки Туркияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам кучли ривожланган тармоқлар, йўналишлар мавжуд. Муҳими — ана шу имкониятларни бирлаштира билиш. Шунда юқори натижаларни ҳам қўлга киритамиз, давлатларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатларини ҳам мустаҳкамлаган бўламиз.

— Ўзбекистон халқига тилакларингиз.

— Бу замин ўзбек халқи ва бизнинг ота юртимиздир. Дунё илм-фани, маданияти, муқаддас динимиз ривожига катта ҳисса қўшган буюк алломаларни етиштириб берган давлат ҳисобланади. Туркияда ҳар бир мусулмон ҳадис илмининг султони Имом Бухорийни, Имом Мотуридийни, буюк олим Али Қушчини, улуғ шоир Алишер Навоийни, мутафаккир Юсуф Хос Ҳожибни, тиб илмининг султони Ибн Синони яхши билади. Улар биз учун ҳам қадрлидир. Қардошлигимиз, дўстлигимиз айни жиҳатлар билан ҳам боғлиқ. Шу боис аждодлар меросини чуқур ўрганиш, барчага таништириш, тарғиб қилиш, шу орқали маданият туризмини равнақ топтириш учун биргаликда кўп ишлар қилишимиз лозим. Бунда -халқларимиз ўртасида борди-келдилар кучайиши, икки томонлама инвестициялар киритиш янада ортиши зарур. Биз бунга тайёрмиз. Гарчи географик жиҳатдан бошқа-бошқа ерларда жойлашган бўлсак-да, кўнгилларимиз бир, бахту қувончимиз бир.

Сўзимнинг сўнгида Туркия халқининг Ўзбекистон халқига саломи ва эзгу ниятларини етказишдан мамнун эканлигимни билдириб, яшасин ўзбек — турк дўстлиги, деб қоламан.

— Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!

1a96f84d2a5a67d16986c4e7efbb156f0925.jpg

Манба: “Халқ сўзи” газетаси