Дилмурод Набиев: "Ютуқларимиз бор, жиддий камчилик ва муаммолар ҳам мавжуд"

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда соҳага доир камчиликлар муҳокама этилиб, амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгиланди. 
Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ЎзА мухбири билан суҳбатда бу вазифаларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари, тизимдаги камчиликлар, спортни оммалаштириш борасида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида гапириб берди.
– Дилмурод Ҳамидуллаевич, сиз спорт вазирлигида фаолият бошлаганингизга ҳали кўп вақт бўлмади. Айтинг-чи, мамлакатимиз спортчилари эришаётган натижалар билан фахрлансак арзийдими?
– Бугун Ўзбекистон том мaънода спорти ривожланаётган, спортни руҳ ва дил тантанасига айлантирган одамлар мамлакатига айланган. Пировардида, ёшлар ўртасидa соғлом турмуш тарзи қарор топиб, спортнинг оммавийлиги тaъминлaнмоқда. Ўзбекистон спортчилари жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида юксак ғалабаларни қўлга киритиб, мамлaкатимиз спорт салоҳиятини дунёга намоён қилмоқда. Биргинa жорий йилдa Индонезияда ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида спортчиларимиз 21 олтин, 24 кумуш ва 25 бронза – жами 70 медални қўлга киритди. Бу мамлакатимиз спорти тарихида энг яхши натижа эканини фахр билан тилга оламиз.
– Аҳолининг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишини тўғри йўлга қўйиш, бунда уларга имконият яратиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?
– Дарҳақиқат, бугун жисмоний тарбия ва спортни аҳоли ўртасида оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда қатор тизимли муаммо ва камчиликларнинг борлиги мамлакатнинг мавжуд спорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда. Давлатимиз раҳбари жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғуллантириш ишлари яхши йўлга қўйилмагани, дарсдан ташқари вақтларда таълим муассасаларидаги спорт объектларидан барча ёш тоифасидаги одамларнинг фойдаланиши ташкил этилмаганига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунга мувофиқ, олдимизда турган энг асосий вазифалардан бири, бу – аҳоли ўртасида спортни янада оммалаштириш, уларни жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишга жалб этишдир.
Шу мақсадда корхона, таълим муассасалари, истироҳат боғларида оммавий бадантарбия ва гимнастика машғулотларини ўтказишга эътиборни кучайтиришимиз, бундай машқларнинг инсон саломатлиги учун жуда фойдалилигини тарғиб қилишимиз зарур. Бунда асосий эътиборни қисқа муддатларда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш бўйича ҳудудларда намунавий моделларни ишлаб чиқиб, тажриба синовидан ўтказишга қаратиш мақсадга мувофиқ. Ҳозирда аҳолини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш кечиришга жалб этиш, шу орқали касалликларнинг олдини олиш, одамларнинг умрини узайтириш Миллий концепцияси устида иш бошладик.
Президентимиз томонидан бу йўналишда илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш, уларни амалиётга жорий этиш бўйича топшириқ берилди. Шу асосда Япония тажрибасидан келиб чиқиб, 3-5 дақиқалик оммавий бадантарбия машғулотларини тарғиб қилишга қаратилган спорт соғломлаштириш машқлари теледастурларини тайёрлаш ва ҳар куни эрталаб, кундузи ва кечки вақтларда барча телеканаллар орқали эфирга узатишни режалаштирмоқдамиз.
Бу машқларни бажариш учун эса барча ташкилотларда ходимларнинг ишлаб чиқариш гимнастикаси билан шуғулланиши учун тегишли шароит яратишимиз лозим бўлади. Шу билан бирга ўз жамоасини жисмоний тарбия ва спортга фаол жалб қилган ташкилот раҳбарларини рағбатлантириб боришни режалаштирганмиз. Ҳозирда Молия вазирлиги билан ҳамкорликда бу тизимнинг механизми ишлаб чиқилмоқда.
Таълим муассасалари ва шифохоналарда жисмоний тарбияни тарғиб қилиш орқали касалликларнинг олдини олиш профилактикаси ҳақида тушунчалар бериб бориш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, аҳолининг ёшига қараб, умумий жисмоний тайёргарлигини белгиловчи спорт меъёрларини ўз ичига олган “Алпомиш“ ва “Барчиной“ тестларини мусобақа тарзида доимий равишда ўтказилишини ташкил қилиш ва уларни рағбатлантириш учун I, II ва III даражали кўкрак нишонларини жорий этишни режалаштирмоқдамиз.
Шунингдек, ҳар йили оммавий спорт тадбирлари республика тақвим режаси доирасида “Таълим муассасалари ҳафталиги”, “Хотин-қизлар ҳафталиги”, “Маҳалла ҳафталиги”, “Нуронийлар ҳафталиги”, “Ёшлар ҳафталиги” каби шиорлар остида аҳолининг барча қатламларини спортга жалб этишга эътибор қаратилади. Айниқса, спорт билан мунтазам шуғулланмайдиган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказган ҳолда, уларга мос спорт турлари бўйича тадбирлар ташкил этилади.
Бу йўналишдаги ишларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан яқин ҳамкорлик қиламиз. Хусусан, 2018-2019 йиллар давомида Ёшлар иттифоқи маблағлари эвазига ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида сунъий қопламали, бадминтон майдончалари барпо этишни мақсад қилганмиз. Шу билан бирга ҳудудий ҳокимликларга ҳам аҳоли яшаш пунктлари, йўл қурилиши ишларини лойиҳалаштиришда велосипед йўлаклари, югуриш маршрутларининг кўрсаткичларини ўрнатиш, бадминтон, мини-футбол, стритбол майдонларининг қурилиши мажбурий этиб белгиланди.
– Спорт муассасаларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, уларни зарур жиҳозлар ва инвентарлар билан таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Республикамиз ҳудудларида мавжуд ҳолатларни ўрганиш ишлари натижасида баъзи спорт объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларининг ўз вақтида якунланмагани, қолаверса, инвентарлар билан таъминлаш бўйича жиддий муаммолар борлигига гувоҳ бўлдик.
Жумладан, айрим таълим муассасаларига етказиб берилган жиҳозлар болаларга фойдаланиш учун берилмасдан, омборларда сақланаётгани кузатилди. Баъзи ҳолатларда айрим спорт жиҳозлари ва инвентарларининг сифатсизлари етказиб берилганлиги сабабли спорт муассасалари бундан самарали фойдалана олмаган. Шу сабабли, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш, ушбу тизимда шаффофликни таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида республика ва халқаро даражада ўтказиладиган мусобақаларда жамоаларни спорт кийим-кечаклари ва анжомлари билан таъминлаш учун бир қатор корхоналарни ҳамкорликка таклиф этдик.
Жорий йилнинг 7 сентябрь куни пойтахтимизда ўтказилган “Ўзбек спорт саноати – 2018” кўргазмасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар орасидан энг илғор ва сифат кўрсаткичи юқориларини ўрганиш имкони бўлди. Спорт муассасаларига 2019 йил учун спорт жиҳозлари ва инвентарларини харид қилишда улар орасидан энг илғорлари танлаб олинади.
– Маълумки, давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлар билан ўзаро муносабатларнинг етарли даражада ташкил этилмаганлиги ушбу соҳада мавжуд муаммоларни самарали ҳал этишга имкон бермаяпти. Яқинда ижтимоий тармоқлардаги саҳифангиз орқали Тошкент шаҳрида жойлашган қатор объектлар тадбиркорларга таклиф этилди, шунингдек, вазирлик тизимидаги таълим муассасаларида аутсорсинг хизмати жорий этилишини маълум қилдингиз. Бундан қандай мақсад кўзланган?
– Тўғри, давлат-хусусий шериклик шартларида спортнинг замонавий моддий-техника базаси ва инфратузилмасини яратиш бўйича нодавлат сектор билан муносабатларнинг паст даражада эканлиги ушбу соҳада мавжуд муаммоларни самарали ҳал этишга имкон бермаяпти. Шу нуқтаи назардан, вазирлик томонидан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Тошкент шаҳридаги айрим спорт таълим муассасаларининг спорт майдонлари фаолиятини унумли ташкил қилиш мақсадида тадбиркорларга таклиф этилди.
Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда ҳам мазкур йўналишда қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб берилди. Эндиликда ишчи гуруҳлар томонидан республикамиздаги мавжуд барча объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилади. Аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар учун хизмат кўрсатиш самарадорлиги суст бўлган ва фойдаланилмаётган спорт объектлари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорларга бериш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланаётир.
Шу билан бирга, мамлакатимиздаги ихтисослаштирилган олимпия захиралари, спорт мактаб-интернатлари тарбияланувчилари учун замонавий аутсорсинг хизмати асосида ишончли шартномавий хизмат кўрсатишни йўлга қўйишишлари бошлаб юборилди.
Биламиз, спортчи учун энг муҳим жиҳатлардан бири қатъий назорат қилинадиган калорияли овқатланиш рациони ҳисобланади. Бугунги кунда аксарият таълим муассасаларида ёш спортчиларни овқатлантиришда маънан эскирган тизимдан фойдаланилмоқда. Шу сабабли мазкур жараёнга замонавий илғор тажрибаларни жорий этамиз. 2018-2019 ўқув йили давомида дастлабки тажриба сифатида Хоразм, Фарғона, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган олимпия захиралари, спорт мактаб-интернатлари тарбияланувчилари учун замонавий аутсорсинг хизматини йўлга қўямиз. Кейинчалик бу тизим барча таълим муассасаларида жорий этилади.
Шунингдек, таълим муассасаларининг спорт иншоотларидаги пуллик хизмат кўрсатувчи тўгаракларга тушадиган маблағларнинг ҳисобини юритиш тартиби ишлаб чиқилади. Бунда, маблағларнинг асосий қисми тўгараклар фаолиятини самарали йўлга қўйган мураббийлар ва таълим муассасалари раҳбарлари ихтиёрида қолдирилади.
– Спорт таълими муассасаларининг мутахассис кадрлар билан таъминланганлик аҳволи қай даражада? Қайси спорт турлари бўйича мутахассислар етишмовчилиги мавжуд?
– Спортни оммалаштиришда, айниқса, ёшларни спортга жалб этишда мураббийларнинг ўрни катта. Айрим спорт турларининг республикамиз бўйича оммалашмагани ёки халқаро мусобақаларда баъзи спорт турлари бўйича кам сонли спортчилар билан иштирок этишимизнинг сабабларидан бири, мазкур спорт турлари бўйича мураббийлар танқислигидир. Республика бўйича спорт муассасаларида 11 минг 573 спорт мураббийси фаолият кўрсатмоқда. Айни дамда яна 1142 мураббийга эҳтиёж бор.
Бу масалага ҳам давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига “Университет” мақоми берилди. Пойтахтимиздаги тор ва ноқулай бинода жойлашган муассасага Чирчиқ шаҳридан катта ҳудуд ва бинолар ажратилди. Президент фармонига асосан қисқа муддатда муассаса ўқув бинолари қайта реконструкция қилиниб, моддий-техник базаси янгиланди.
Айни пайтда университетнинг 5 ўқув биноси, 2 талабалар турар жойи, 2 ошхона ва ахборот-ресурс маркази, манеж, бокс, таэквондо, оғир атлетика, гимнастика заллари, теннис, найза улоқтириш, футбол майдонлари, ёзги ва қишки сузиш ҳавзаси фаолият кўрсатмоқда. 2018-2021 йиллар давомида университет ҳудудида қўшимча 1600 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи, 600 ўринли ўқув биносига эга бўлган гимнастика зали, 3 та спорт иншооти қуриш, футбол майдони ва унинг маъмурий биносини қайта реконструкция қилиш режалаштирилган.
Бугунги кунда малакали мураббийлар тайёрлаш бўйича иш олиб бормоқдамиз. Яқинда Беларусь Республикаси Спорт ва туризм вазири Сергей Ковальчук билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича қатор келишувларга эришдик. Жумладан, Беларусь Республикаси билан ҳамкорликда қишки спорт турлари ва гимнастика бўйича тренерлар тайёрлаб берадиган факультет ташкил этиш ва битирувчиларга қўшма диплом бериш бўйича келишиб олдик.
Шунингдек, мураббийлар тайёрлаш бўйича жаҳонинг илғор тажрибаларини ўрганиб, юртимизда яхши ривожланмаган спорт турлари бўйича мураббийлар тайёрлаш мақсадида хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш учун тизимда мавжуд бўлган айрим бюрократик тўсиқлар олиб ташланди. Эндиликда Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, мамлакатимизнинг нуфузли спорт мусобақалари ғолиб ва совриндор спортчиларига тўғридан-тўғри, аттестациядан озод этган ҳолда мураббийлик фаолияти билан шуғулланиши учун рухсатномалар берилади.
– Президентимиз ўтказган йиғилишда Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги спорт объектларида қурилиш ишлари орқада қолаётгани айтилди. Мазкур муаммони ҳал қилишда вазирлик томонидан қандай вазифалар белгилаб олинди?
– Жорий йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 56 спорт объектини қуриб, фойдаланишга топшириш, бу мақсадларга 362 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланган эди. Лекин жорий йилнинг 10 сентябрь ҳолатига кўра, атиги 113 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Сирдарё, Навоий, Тошкент
вилоятлари ва пойтахтимизда қурилиш ишлари орқада қолмоқда. Мазкур ҳудудларда объектларнинг қурилиш ва таъмирлаш ишларининг кечикиш сабаблари ўрганилмоқда. Бу ишларнинг барчаси назоратда. Қурилиш ташкилоти раҳбарлари ва маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари маълумотига кўра, ушбу объектларни қуриш учун маблағлар якуний қисми ўз вақтида ажратилмаганлиги, қурувчи ташкилот етарли даражада ишчи кучи ва техника жалб қилмаганлиги сабабли ишлар якунига етмаган. Бу борада ўз ишига совуққонлик билан ёндашган масъул ходимлар лавозимидан озод этилди. Янги тайинланган масъул шахсларга мазкур муаммони тезкорлик билан ҳал қилиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Тизимдаги бу каби мавжуд камчиликларнинг олдини олиш мақсадида тез орада Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг 2020-2025 йилларга мўлжалланган манзилли дастури ишлаб чиқилади.
– Спорт иншоотлари қурилишидаги сифат ҳақида гапирдингиз, ўтган йилларда қурилган иншоотлар ҳолати ҳақида маълумот берсангиз? Улардан самарали фойдаланилмоқдами?
– Бу жуда долзарб масала. Президентимиз ҳам йиғилишда бу масалага алоҳида тўхталиб, вазифалар белгилаб берди. Сир эмас, давлат томонидан миллиардлаб маблағ ҳисобига қурилган айрим иншоотлар аянчли аҳволга келиб қолган. Бу манзара, айниқса, сузиш ҳавзаларида кузатилмоқда.
Келгусида Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси қошида спорт иншоотларини янги технологиялар асосида лойиҳалаштиришга ихтисослашган алоҳида лойиҳа институтини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида қурилиш ва лойиҳа ташкилотлари мутахассислари жамғарма маблағлари ҳисобидан чет элга юборилади.
– Ёшларни оммавий спортга жалб қилиш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш ва терма жамоалар таркибини сифатли тўлдириш борасида нималарга эътибор қаратилади?
– Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва тарғиб қилиш, иқтидорли спортчиларни танлаб олишнинг самарали ва шаффоф тизимини яратиш, терма жамоалар таркибини сифатли тўлдириш учун спорт захирасини шакллантириш ва юқори малакали спортчиларни тайёрлаш долзарб ҳисобланади.
Жойлардаги бўш турган хусусий объектлар негизида аҳолини, хусусан, ёшларни оммавий спортга жалб қилиш учун имтиёзли хизмат кўрсатувчи спорт марказларини ташкил этиш талаб этилади. Шу боис, вазирлик томонидан Ёшлар иттифоқи, тегишли вазирликлар билан биргаликда таълим муассасаларидаги спорт иншоотлари ҳамда бўш турган объектларда спорт секцияларини очиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Шу асосда туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида спорт мусобақалари сонини янада кўпайтириш, уларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Иқтидорли спортчиларни танлаб олишда Республика олий спорт маҳорати мактаблари иш фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш лозим бўлади. Мазкур йўналишдаги ишларни кучайтириш мақсадида Республика олий спорт мактаблари намунавий штатларига – спорт менежери ва спорт турлари бўйича селекционер лавозимлари киритилди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва юртга садоқат руҳида тарбиялаш, халқаро спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларнинг истеъдодини юзага чиқариш вa халқимиз кутаётган натижаларни қўлга киритиш учун барча ишларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА