Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан “Электрон академия” янги таълим портали – e-acadеmy.uz яратилди. Ушбу портал мамлакатимизда масофавий таълим тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.
Янги веб-манба маърузаларни жойлаштиришнинг интуитив механизмига асосланган. Бошқа таълим шаклида бўлгани каби унда ҳам ўтилган материални текшириш ва мустаҳкамлаш тартиби ишлаб чиқилган. Хусусан, фойдаланувчилар ўтилган маърузанинг энг асосий жиҳатлари бўйича тест синовларидан ўтиши мумкин.
Энг муҳими, янги таълим бериш усули мутлақо бепул. Фойдаланувчилар учун янада қулайлик яратиш мақсадида авторизация механизми жорий этилган. У маърузачиларга маърузалар тузиш, тингловчиларга эса, ўзлари ёқтирган ўқитувчининг янги дарсларини топиш имконини беради. Яна бир қулайлик – электрон синов дафтарчаси бўлиб, унинг ёрдамида таълим олувчилар ўзлаштириш даражаларини мунтазам кузатиб боришлари мумкин.
Олий таълим муассасалари e-acadamy.uz электрон портали хизматларидан самарали фойдаланишлари мумкин. Бу қиммат нархдаги ускуналар ва хостинг харид қилиш, тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда шахсий таълим платформаларини яратишдан афзалроқдир.
Бугунги кунда мазкур веб-манбада бешта таълим йўналишлари тақдим этилган.