“Ўзбекистон 24” радиоканалининг “Постскриптум” лойиҳасида “Газеталар бугунги кунда яшаб қоладими?», Матбуотнинг тақдири нима бўлади?” каби мавзулар кўтарилди.
Унда “XXI аср” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалил ва “Ишонч” газетаси бош муҳаррири /Хусан Эрматов қатнашди. Республикамизнинг етакчи газеталари бош муҳаррирлари жонли эфирда матбуотдаги долзарб муаммоларни тилга олди.
Уларнинг айтишича, бугунги кунда Вазирликларнинг матбуот котиблари етакчи нашрларни кузатиб бормайди. Ҳатто, айрим Вазирлар ва туман, шаҳар ҳокимлари ҳам газета ўқимай қўйган. “Улар орасида газеталарни ёпиш керак, улар бизга керак эмас, деганлари ҳам бор”, дейди куйиниб Норқобил Жалил. Телеканалларда ҳам аввалгидек газетада кўтариб чиқарилаётган долзарб мавзулар шарҳи кузатилмаяпти. Газеталарда эълон қилинган оғриқли мавзулар юзасидан “акс-садо”, ўқувчилар муносабати кўринмайди. Бунга газетани ўқувчига, обуначига етказиб бера олмаётган ўртадаги воситачилар “Ўзбекистон почтаси” АЖ ва “Матбуот тарқатувчи”ларнинг ҳам бир ҳисса айби бор, дейди эфирга чиққан газеталар бош муҳаррирлари. Эшиттириш давомида газеталарда кузатилаётган камчиликларни ҳам тилга олиб ўтди.
ЎзА