​Тошкентда “Инновация куни” халқаро форуми ташкил этилди

Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent“ меҳмонхонасида 25 сентябрь куни Марказий Осиёда Huawei компаниясининг инновациялар куни доирасида халқаро форум ташкил этилди.
“Тараққиёт стратегия” маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликлари билан Хитойнинг “Huawei“ компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро форумда хорижий мамлакатларнинг компания ва фирмалари раҳбарлари, саноат, ишлаб чиқариш соҳаси экспертлари, илмий доира вакиллари иштирок этди.
Форум Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни шакллантириш, инфратузилманинг иқтисодий тараққиётдаги ўрни, аҳоли турмуш даражасини яхшилашда инновацион лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши, минтақада экотизимни яхшилаш каби масалалар юзасидан маслаҳатлашувлар ва ўзаро фикр алмашиш имконини берди.
Тадбирда, шунингдек, “Huawei“ компанияси фаолияти, телекоммуникация тармоқлари ва маҳсулотлари, халқаро технологиялар бозорида тақдим этаётган хизматлар, дунёда рақамли технологияларидан фойдаланиш учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

 

З.Мирзабоева, ЎзА