Мамлакатимизда “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзуида халқаро конференция ўтказилмоқда. ЎзА мухбирлари анжуман иштирокчиларининг айримлари билан суҳбатлашди.

Юрий САВЧЕНКО, Украинанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Кучли транзит салоҳиятига эга Ўзбекистоннинг Марказий Осиё транспорт йўлакларини янада кенгайтириш борасидаги ташаббуслари ҳамкор давлатларнинг доим эътиборида бўлиб келган. Мазкур конференция кўплаб мамлакатлардан етакчи мутахассислар, компаниялар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари иштирокида ўтаётгани ҳам бунинг яққол исботидир.

Ўйлайманки, анжуман Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантиришга оид янги лойиҳаларни ишлаб чиқишга имкон беради. Алоҳида таъкидлашни истардимки, Украина Ўзбекистоннинг Марказий Осиё транспорт йўлакларини янада кенгайтиришга доир ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

Алексей ЗАМКОВОЙ, “Иқтисодиёт ва транспорт тараққиёти институти” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи (Россия):

– Бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кучли трансминтақавий тузилмага айланиб бормоқда. Айни жараёнда темир йўллар ҳамкор мамлакатлар ўртасидаги фаол савдо алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Куни кеча ШҲТга аъзо давлатлар темир йўллари маъмурияти раҳбарларининг Тошкентда ўтган илк учрашувида бизнинг делегация ҳам иштирок этди. Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган янги мулоқот майдонида ҳамкор мамлакатлар билан темир йўл соҳаси имкониятлари ва транспорт хизматлари бозорини кенгайтириш, аъзо давлатлар ҳудудида янги халқаро коридорларни очиш, денгиз портларига чиқиш имкониятлари хусусида фикр алмашдик. Ушбу тадбир айни жараённинг мантиқий давоми бўлди.

Жуня ҲАШИМОТО, «Mitsui Bussan Chemicals» компанияси вакили (Япония):

– Компаниямиз кимё саноати хомашёси, тасвирий санъат воситалари, йўл белгилари, матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу конференцияда транспорт соҳасида йўл белгилари масалаларида янгиликлар киритиш ва ушбу йўналишни илғор технологиялар асосида такомиллаштириш лойиҳаси билан иштирок этмоқдамиз. Ҳозир ушбу лойиҳамизнинг синов жараёнлари амалга оширилмоқда. Бу муваффақиятли якунланса, мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик янада кенгаяди.

Ҳилол Салим ал ҲАРУСИ, «Oman Logistics Center» компанияси вакили (Ўмон):

– Мамлакатлар иқтисодий тараққиёти транспорт-логистик марказлар яратилиши ва улардан кенг фойдаланиш билан боғлиқ. Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарор тараққий этаётган мамлакатлардан бири сифатида ўз ҳудудида замонавий логистика марказларини кўпайтираётгани эътиборга лойиқ.

Экспорт ва импорт юкларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш жараёнида кўрсатилаётган хизматларни яхшилаш логистиканинг муҳим шартидир. Анжуманда шу йўналишдаги ишларга оид лойиҳаларимиз билан қатнашдик. Жараён бошланди. Ўйлайманки, томонлар билан биргаликда янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этамиз.

Жеймс ЛИ, «АFG Global Consulting» компанияси президенти (Жанубий Корея):

– Бизнинг компаниямиз ривожланаётган мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, истиқболли лойиҳалар бўйича ўз таклифларини беради. Ўзбекистонда барча соҳалар қатори савдо-сотиқ, туризм тармоқларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатингизга транспорт йўналишида янги лойиҳаларни киритишимизга замин яратмоқда.

Ҳозирги кунда Бухоро, Самарқанд, Хива каби юртингизнинг туризм ривожланган шаҳарларини Тошкент билан боғловчи тезюрар поездлар қатновини кўпайтириш ҳамда ушбу шаҳарларни бошқа мамлакатлар халқаро аэропортлари билан боғловчи авиаташув тизимини такомиллаштиришга оид лойиҳаларни ишлаб чиқмоқдамиз. Конференцияда бу борадаги ҳамкорлигимизнинг йўналишларини ҳар томонлама муҳокама қилиб олдик.

Алихон ҲАЛИД, «Senсron Teсhnology A.S» компанияси мутахассиси (Туркия):

– Маълумки, иқтисодиётда ички ва ташқи транспорт хизмати асосий аҳамиятга эга. Ички транспорт аҳоли турмуш тарзида қулайликлар яратса, ташқи транспорт хизмати давлатлар ўртасида савдо-сотиқ, туризм соҳалари ривожланишига хизмат қилади. Бугунги тадбирга дунёнинг кўплаб мамлакатларидан транспорт-логистика соҳаларида фаолият юритаётган компания ва ташкилот вакиллари, йирик инвесторлар ўзларининг илғор лойиҳалари билан иштирок этмоқда. Ушбу конференциянинг ташкил этилиши юртингизда транспорт соҳасида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилишидан далолат.

ЎзА мухбирлари
Малоҳат Ҳусанова,
Зуҳра Мирзабоева
ёзиб олди.