Бокуда жаҳон чемпионати бошланмоқда

Бугун Озарбойжоннинг Боку шаҳрида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати баҳсларига старт берилади. Мусобақада жаҳоннинг 129 мамлакатидан 800 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун татамига чиқишади. Бокудаги Миллий гимнастика аренаси мезбонлик қиладиган мазкур спорт анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини жами 15 нафар атлет ҳимоя қилади. Бугунги беллашувларда икки нафар ҳамюртимиз медаллар учун кураш олиб боришади.
 Булар – Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг.) ҳамда Маржона Салоҳиддинова (-48 кг).
27 сентябрь куни якунланадиган мазкур жаҳон чемпионатида эркаклар ўртасидаги беллашувларда Сардор Нуруллаев (-66 кг.), Ҳикматулло Тўраев, Ғиёсжон Бобоев (иккаласи ҳам -73 кг.), Шарофиддин Болтабоев (-81 кг.), Давлат Бобонов (-90 кг.), Муҳаммадкарим Хуррамов, Шерали Жўраев (ҳар иккаласи -100 кг.) ҳамда Бекмурод Олтибоев (+100 кг.) ўз имкониятини синовдан ўтказишса, аёллар ўртасида Гулноза Зияева (-52 кг.), Амина Мамедова (-57 кг.), Гулноза Матниязова,
Шоҳиста Назарова (иккаласи ҳам -70 кг.) ҳамда Нодира Юлдашева (-78 кг.) ватанимиз шаънини ҳимоя қилишади.
Мусобақанинг соврин жамғармаси 800 минг еврони ташкил этиб, шундан олтин медаль соҳиби 20,800 евро пул мукофоти билан рағбатлантирилса, ўша спортчининг мураббийига 5,200 евро тақдим этилади.
Кумуш медаль соҳиби 12,000 еврони (мураббийи эса 3,000 евро) қўлга киритса, бронза медали соҳиблари 6,400 евро (мураббийи 1,600 евро) миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.
Жамоавий баҳсларда мукофот миқдори қуйидагича:
Олтин медални қўлга киритган жамоа аъзолари 72,000 евро, мураббийлар штабига эса 18,000 евро тақсимлаб берилади.
Кумуш медаль эгалари 48,000 евро (мураббийлар штаби 12,000 евро), бронза медали соҳиблари эса 20,000 евро (мураббийлари 5,000 евро) миқдорида мукофотни қўлга киритишади.

 

Отабек Эшмаматов, ЎзА