Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, наманганлик беш нафар уруш қатнашчиси кузатувчилар ҳамроҳлигида Россия Федерацияси Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” санаторийсига жўнаб кетди.
Наманган тумани Хонобод қишлоғида яшовчи 94 ёшли Абдусалом ота Раҳмонов ушбу эҳтиромга сазовор бўлган нуронийлардан.
– Давлатимиз раҳбари томонидан биз, фахрийларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан миннатдормиз, – дейди Абдусалом ота. – Ўзимиз жанг қилган мамлакатларга сафар қилишимиз, санаторийларда дам олиб, саломатлигимизни мустаҳкамлашимиз учун барча шароит яратиб берилди. Бугун Кисловодскдаги санаторийга кетяпмиз. У ерда ҳордиқ олиш билан бирга, қуролдош дўстларимиз билан дийдорлашамиз. Бундан беҳад хурсандмиз.
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА