Ўзбекистон III Параосиё ўйинларида 54 спортчи билан иштирок этади

Ўзбекистон III Параосиё ўйинларида 54 спортчи билан иштирок этади. Жорий йилнинг 6-13 октябрь кунлари Индонезияда III Параосиё ўйинлари ўтказилади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида энг кўп – 54 спортчи билан иштирок этади.
Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясида Ўзбекистон делегациясини Параосиё ўйинларига расмий кузатиш маросими ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Паралимпия ассоциацияси раҳбарлари, мураббийлар ва спортчилар иштирок этди.
Миллий олимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджонов Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимиз спортида катта ўзгаришлар бўлгани, бунинг самарасида 18 август – 2 сентябрь кунлари Индонезияда ўтган VIII Осиё ўйинларида спортчиларимиз юксак марраларни забт этганини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимиз паралимпиячилари халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келаётганини эътироф этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи терма жамоамиз аъзоси Ҳусниддин Норбековга тантанали топширилди.
Эслатиб ўтамиз, паралимпиячиларимиз Параосиё ўйинларида пауэрлифтинг, дзюдо, ўқ отиш, сузиш ва енгил атлетика каби спорт турлари бўйича баҳсларда иштирок этади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА