Франция Европада жойлашган узоқ тарихга эга мамлакат ҳисобланади. Жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари орасида Франция иқтисодиёти, ривожланган илм-фани, ялпи миллий маҳсулот ишлаб чиқариш, энг муҳими, интеллектуал бойликларни қадрлаши билан ажралиб туради.
photo5444892215265569208.jpg
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Франция биринчилардан бўлиб мамлакатимиз мустақиллигини тан олди. Узоқ йиллардан буён эса Ўзбекистон ва Франция алоқалари юқори босқичда тараққий этмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳрида “Тошкент Француз Альянси” ташкилоти фаолият кўрсатаётир.
photo5444892215265569211.jpg
Мухбиримиз ушбу ташкилот раҳбари Дилшод Аҳмедов билан суҳбатлашди.
– Аввало ушбу ташкилотнинг фаолият жараёни билан кенгроқ таништирсангиз.
– Биринчи “Allians fransez” 1883 йилда Париж шаҳрида буюк мутафаккир ва давлат арбоблари Фердинанд де Лоссет, Луи Пастер, Эрнест Ренан, Жюль Верн ва бошқа француз тили ва маданиятини тарғиб қилувчи буюк сиймолар томонидан ташкил этилган.
Бугунги кунда 146 та давлатда 800 дан ортиқ “Allians fransez” ташкилотлари мавжуд. Айни пайтда француз тилини турли миллатга мансуб кишилар ўрганмоқда. Марказнинг асосий фаолияти француз тилини ўргатиш ҳамда француз маданияти билан таништиришдан иборат. “Тошкент Француз Альянси” (собиқ француз институти) нодавлат нотижорат муассаса ҳисобланади ва белгиланган низомга таяниб иш олиб боради.
У Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан расман рўйхатдан ўтган. 2015 йилнинг 7 ноябрь куни Ўзбекистон ва Франция ўртасида имзоланган келишувга биноан Тошкент шаҳрида “Тошкент Француз Альянси”га асос солинган. Унинг асосий мақсади маданий, маърифий алоқаларни ривожлантириш, илм-фан техника соҳаларида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Ҳар йили бу ерда мингдан ортиқ талабалар француз тилини ўрганиш бўйича таҳсил олади.
Марказимизда 8 мингдан ортиқ адабиётларга эга ахборот маркази мавжуд, шунингдек, бу ерда турли конференциялар, коллоквиум, тренинглар, малака ошириш курслари ташкил этилади. Ўқув муассасаларида француз тилидаги қўлланмаларни ишлаб чиқишда марказимиз ходимлари доимий кўмак беради.
– Ҳозирда дунё миқёсида француз тилини ўрганувчи ва ушбу мамлакат маданиятига қизиқувчилар учун “Франкофония” ташкилоти кўмак бермоқда. Шу ҳақда ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.
– “Франкофония” француз тили ва турли мамлакатларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамловчи халқаро ташкилот бўлиб, у дунёнинг турли давлатларидан ташкил топган 58 аъзо ва 26 кузатувчидан иборат. Асосий мақсади, француз тилини тарғиб қилиш ҳамда Франция билан маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. У 1970 йилда ташкил этилган. Асосий шиори эса “Тенглик, ўзаро бир-бири билан ҳамкорлик ва ҳурлик”га қаратилган. Биринчи марта “франкофония” атамаси 1880 йилда француз геологи Аразим Реклин томонидан киритилган бўлиб, кейинчалик у умумтермин сифатида айтила бошланди. Ҳозирда дунёнинг кўплаб мамлакатларида француз тилини ўрганиш, Франция маданиятига қизиқиш катта.
– Сиз мазкур ташкилот раҳбари сифатида Франциянинг кўплаб шаҳарларида бўлгансиз. Французларнинг ҳаётини кўргансиз. Умуман, ҳозирги Франция, уларнинг Ўзбекистонга қизиқиши қандай?
– Франциянинг жуда кўплаб шаҳарларида хизмат сафарида бўлдим. Шу ойнинг бошида Франциянинг Виши шаҳридаги Кавилам француз альянсида тил марказини бошқариш курсида қатнашдим. Шунингдек, “Allians fransez” бош директори жаноб Мишел Буарон ва халқаро алоқалар ассоциацияси директори жаноб Оливие Ортиз билан ташкилотимизнинг келгуси режалари тўғрисида учрашув ўтказдик.
Унда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тингловчиларнинг лингвистик амалиёт борасидаги изланишларини қўллаб-қувватлаш юзасидан келишиб олдик. Умуман, францияликлар учун қадим ўзбек давлатчилиги, темурийлар тарихи, у даврда тараққий этган илм-фан, маданият, санъат, адабиёт улар учун жуда қизиқарли ва муқаддас. Буни Париж шаҳридаги Темурийлар ассоциацияси мисолида ҳам айтиш мумкин. Жуда кўп француз тарихчилари Ўзбекистонга меҳр-муҳаббат билан қарайди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Франция Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади. Ҳозирда Ўзбекистон жамоатчилиги француз тили ва маданиятини ўрганишга шунчалик қизиқиш билан қарашса, французлар ҳам ўз навбатида Ўзбекистонга эҳтиром билан қарашади. Шу боисдан “Тошкент Француз Альянси” ташкилоти келгусида икки мамлакат ўртасидаги маданий, маърифий йўналишдаги ҳамкорлик ишларини юқори поғонага кўтариш учун доимий изланишда. Президентимизнинг Францияга расмий ташрифи эса бу борадаги ишларни юқори босқичга кўтаришда муҳим қадамдир. Келгусида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланаверсин.
Ўлжабой Қаршиев суҳбатлашди.

 

ЎзА