Беларусь Республикаси ишбилармон доираси вакилларидан иборат делегация Тошкент вилоятида бўлиб, вилоятнинг инвестицион муҳити билан танишмоқда.
Вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимов Белорусь Республикаси Минск шаҳар ижроия қўмитаси раиси бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда томонлар ўртасида савдо-саноат, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида ҳамкорлик қилишга оид битимлар имзоланди.
Мулоқотда Беларусь давлатида ёғочдан сифатли мебель ишлаб чиқариш саноати ривожланганлиги эътироф этилиб, томонлар мазкур соҳада ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувга эришди. Шунингдек, чорвачилик, хусусан наслли қорамолларни кўпайтириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, бу борада ҳамкор давлатнинг илмий марказлари билан ҳамкорликда вилоятда “Илмий марказ“ ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Маълумотларга кўра, Беларусь Республикаси Минск шаҳар делегацияси вакиллари 15 сентябрга қадар вилоятда бўлиб, туризм объектлари, қишлоқ хўжалиги, хусусан пахта, балиқ ва картошка етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари ҳамда иссиқхоналар фаолияти билан танишади.
Авазбек Худойқулов, ЎзА